19:44 / 26.10.2015
15842

ОАВ: Афғонистон ва Покистонда юз берган зилзила қурбонлари сони 150 нафардан ортиб кетди

26 октябрда Тошкент вақти билан соат 14:19да (Афғонистон вақти билан соат 13:39 да) Афғонистон ва Покистонда юз берган зилзила қурбонлари сони 154 нафарга етди. 

Бу ҳақда Покистонда чоп этиладиган Dawn газетасининг электрон версияси маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, табиий офат Афғонистонда 24 киши, Покистонда эса 130 кишининг умрига зомин бўлган. Жабрланганлар сони мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг маълум қилишича, зилзила маркази Афғонистон пойтахтидан шимоли-шарқий томонга 259 км узоқликда Ҳиндукуш тоғларида, ўчоғи 190 км чуқурликда бўлган.

Зилзила Жанубий ва Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон, Тожикистон ва Ҳиндистонда сезилган.

Покистон бош вазири Навоз Шариф барча тезкор хизматларга зилзила оқибатларини бартараф этиш учун барча кучларни сафарбар қилишни буюрди. Зилзиладан жабрланган ҳудудларга аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийлар юборилган.

Афғонистон бош вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ мамлакатнинг барча аҳолисини қайта зилзилалар юз бериши мумкинлиги туфайли эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. “Бу охирги йилларда юз берган энг кучли зилзила бўлди. Биз жабрланганларга максимал даражада қулайлик яратиш учун барча имкони бор нарсани қилмоқдамиз. Биз инсонпарварлик ташкилотларига жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида мурожаат қилдик”, деб айтди Абдуллоҳ.

Top