06:59 / 26.10.2015
8973

Сирдарёнинг чап қирғоғида, Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида янги шаҳар барпо этилади

Сирдарёнинг чап қирғоғида, Қозоғистоннинг Қизилўрда вилотида янги шаҳар барпо этилади, деб айтди Қизилўрдада бўлиб ўтган XIII Республика шаҳарсозлик анжуманида Қизилўрда вилояти акими (ҳокими) Қримбек Қушербоев.

Тадбирда қурувчилар, архитектура ва шаҳарсозлик ташкилотлари раҳбарлари, бош архитекторлар, муҳандислар, лойиҳалаш ташкилотлари ва дизайнерлар жамулжам бўлишди. Анжуман доирасида кўргазма ташкил этилиб, унда энг яхши архитектура ва шаҳарсозлик лойиҳалари намойиш қилинди, деб хабар бермоқда Қизилўрда акимати (ҳокимлиги) матбуот хизмати. 

“Европача қарашга эга одамлар Буюк даштда шаҳарлар бўлмаган деб таъкидламоқдалар. Бироқ Қозоқ хонлиги вужудга келиши даврида Сирдарё бўйида 32 та шаҳар бўлган. Ҳозирги Қизилўрда вилояти ҳудудининг ўзидагина 4 та пойтахт бўлган. Аждодларимизнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда, биз Сирдарёнинг чап қирғоғида катта бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқчимиз. Бунгача бизнинг шаҳар дарёнинг ўнг тарафида бўлган. Биз бу бунёдкорлик ишларини давлатимиз раҳбарининг жасоратидан илҳомланиб амалга оширишга қарор қилдик. Чап қирғоқда 90 минг кишига мўлжалланган янги шаҳар бунёд этилади. Бунда асосий эътибор шаҳарни миллий ва шарқона услубда яратилишига берилади”, деб айтди аким.

Охирги йилларда Қизилўрда вилояти улкан қурилиш майдонига айланди. Жорий йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 баробарга, вилоят марказида эса 8 баробарга ошди. Ҳозир чап қирғоққа кўприк қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Қозоғистон шаҳарсозлар иттифоқи президенти Любовь Нишонбоеванинг таъкидлашича, Қизилўрда шаҳарсозлигини ривожлантиришда асосий эътибор Остонадаги каби дарёга қаратилади.  

Анжуманда, шунингдек, Бойқўнғир шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти ҳамда Қозоғистон шаҳарларининг архитектуравий ўзига хосликлари муҳокама қилинди.

Top