22:44 / 27.10.2015
2562

Қорақалпоғистонда 2015 йилда 159 км ичимлик суви тармоқлари фойдаланишга топширилди

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2015 йилнинг ўтган 9 ойида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва галдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов бошқарган йиғилишда тегишли вазирликлар, бирлашмалар, корхона ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон президенти томонидан жорий йил учун белгилаб берилган иқтисодий дастурлар ижросини сўзсиз таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захирага ғамлаш, экспорт режаларини бажариш ва кейинги йилда экспорт ҳажмини янада ошириш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар асосида жорий йилнинг 9 ойида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, асосий ялпи ҳудудий маҳсулот 3 триллион 45 миллиард сўм ёки 108,7 фоизни ташкил этди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 66,7, хизматлар улуши 46,7 фоизга тенг бўлди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 112 фоизни ташкил этди. Халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 118,3, қурилиш ишлари ҳажми 109,5 фоизга етди.

Жорий йил учун белгиланган Инвестиция дастурига мувофиқ, барча манбалар ҳисобидан 4 триллион 508 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Жумладан, 10 даволаш-профилактика муассасасида 27 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, беморлар учун шароитлар янада яхшиланди. 22 умумтаълим мактаби ҳамда 10 касб-ҳунар коллежида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 60 сув таъминоти иншоотида 19 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, 159 километр ичимлик суви тармоқлари фойдаланишга топширилди.

2015-2019 йилларга мўлжалланган муҳандислик-коммуникация дастури асосида А-380 халқаро миллий автомагистрали қурилиши бўйича 65 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилиб, 16 километр йўл фойдаланишга топширилди. Маҳаллий аҳамиятга молик ва хўжаликлараро йўлларни таъмирлашга 12 миллиард сўм сарфланди, 30 километрга яқин йўл ишга туширилди.
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси доирасида саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 115 миллиард сўмлик 1 минг 641 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 7 минг 354 янги иш ўрни яратилди. Ушбу дастурга кўра, йирик лойиҳалардан бири – Қораўзак туманидаги қиймати 17 миллиард сўм ва 19 миллион долларга тенг бўлган цемент ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Йилига 200 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада 200 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Top