10:20 / 31.10.2015
2922

Руминия ИИВ: Бухарестдаги тунги клубдаги ёнғинда 27 киши ҳалок бўлди, 180 га яқин киши жабрланди

Руминия пойтахти Бухарест марказидаги машҳур тунги клублардан бирида 31 октябрга ўтар кечаси содир бўлган ёнғинда 27 киши ҳалок бўлди, 180 га яқин киши жабрланди. Бу ҳақда Руминия бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Габриел Опря маълум қилди.

30 октябрда бинонинг ертўласида жойлашган тунги клубда бепул рок-концерт ўтаётган бўлган. Концертга 400 га яқин ёшлар йиғилган. Дастлабки маълумотларга кўра, пиротехник шоу вақтида шифтдаги пенопластдан ясалган безак элементлари ёниб кетган. Оқибатда кучли тутунланганлик бошланган, сўнгра портлаш юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, кўпчилик саросимада ягона чиқишга отилганлар ва у ерда тиқилинч юз берган. Маълум қилинишича, кўпчилик нафас сиқишдан ҳалок бўлган. Руминия ОАВларининг маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида хорижликлар ҳам бўлган.

Воқеа жойига 60 та тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш бригадалари етиб келган, мобиль госпиталь ўрнатилган. Жабрланганлар шаҳардаги 10 та шифохонага олиб борилган. Руминия Соғлиқни сақлаш вазири Николае Бэничою пойтахт аҳолисини жабрланганлар учун қон топширишга чақирди. 25 кишининг аҳволи жуда оғир деб баҳоланмоқда, кўпчилик жиддий куйишлар олган. Фожиа қурбонлари сони ошиши мумкинлиги айтилмоқда.

Руминия президенти Клаус Йоханнис ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. “Мен фожиадан карахт ҳолдаман ва жуда қайғудаман. Бу ҳаммамиз, халқимиз ва шахсан мен учун жуда оғир мусибатдир”, деб айтди президент фейсбукдаги саҳифасида.

ИИВ раҳбари Опря фожиа сабаблари тергов қилина бошланганини маълум қилди. Ушбу фожиа муносабати билан 31 октябрда маҳаллий вақт билан соат 07:00да (Тошкент вақти билан 11:00да) Руминия Вазирлар маҳкамасининг шошилинч йиғилиши бўлиб ўтиши белгиланган.

Top