18:26 / 03.11.2015
4794

Legatum институтининг фаровонлик рейтингида Ўзбекистон МДҲнинг Қозоғистондан бошқа барча давлатлардан ўзиб кетди

2 ноябрь куни The Legatum Institute таҳлилий маркази 142 мамлакатнинг фаровонлик кўрсаткичларига асосланган йиллик индексини янгилади. Унда 57-ўринни эгаллаган Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида фақат Қозоғистондан ортда қолди.

Индекс 8 категорияга бирлаштирилган 79 кўрсаткичдан тузилади. Уларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёт категорияси бўйича 66-ўринни (2014 йилги натижа – 61-ўрин), ижтимоий капитал йўналишида эса 17-ўринни (ўтган йилги кўрсаткич – 16-ўрин) эгаллади. Бошқа йўналишлардаги кўрсаткичлар: тадбиркорлик – 93 (92), таълим – 70 (69), хавфсизлик – 67 (65), шахсий эркинликлар – 55 (57), давлат бошқаруви – 117 (117).

Рейтингда Ўзбекистон Россиядан (58), Беларусдан (63), Қирғизистондан (66), Украинадан (70), Туркиядан (78), Ҳиндистондан (99), Эрондан (106) ўзиб, Қозоғистондан (55) ортда қолган.

Фаровонлик индексига 142 давлат киритилган бўлиб, у жаҳон ЯИМининг 99 фоизини, дунё аҳолисининг 96 фоизини қамраб олади. Унда Норвегия биринчи ўринни эгаллади. Кучли учликка, шунингдек, Швейцария ва Дания кирди.

Ўнликни Янги Зеландия, Швеция, Канада, Австралия, Нидерландия, Финляндия ва Ирландия ташкил қилди. АҚШ 11-ўринга муносиб кўрилди.

Top