19:48 / 03.11.2015
2742

Ўзбекистон Россияга тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 2 баробарга оширмоқчи

Ўзбекистон яқин йилларда Россияга тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 2 баробарга кўпайтиради, деб хабар бермоқда “Ўзбекенгилсаноат” ДАК вакили Sputnik нашри мухбирига. 

Компания вакилининг айтишича, компания Россиянинг етакчи компаниялари билан 2015-2016 йиллар учун калава ип ва тайёр маҳсулот етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

“Бир неча ўнлаб Россия компаниялари бизнинг маҳсулотни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Улар синов партиялари сотиб олиб, улар асосида маҳсулот сифати ва унинг логистикасини ўрганишга тайёрланмоқдалар ва шундан кейин узоқ муддатли шартномалар ва катта ҳажмли харидлар ҳақида қарор қабул қилишмоқчи”, деб айтди компания вакили.

Бугун кунда Россия ва МДҲ давлатлари Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари маҳсулотларининг йирик импортёрлари ҳисобланадилар. Уларнинг зиммасига барча экспортнинг 51 фоизи тўғри келади, 21 фоиз маҳсулот Жанубий Осиёга, 12 фоиз – Европага, 8 фоиз маҳсулот Яқин Шарқ ва Африкага юборилади.

Охирги икки йил кузатилаётган инқирозга қарамай, компания Россия бозорига экспорт ҳажмини камайтирмади, бироқ рублнинг қадрсизланиши оқибатида савдодан оладиган даромади камайган.

2015 йил натижаларига кўра Ўзбекистон 1 млрд доллардан кўпроқ қийматга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи натижаларига кўра, хорижга 495 млн долларлик калава ип, 170 млн долларлик тайёр трикотаж маҳсулоти, 90 млн долларлик газлама ва 17 млн долларлик ипак маҳсулотлари юборилган.

Top