10:04 / 03.11.2015
4766

Пентагон: АҚШ флоти Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудда патруллик қилишда давом этади

АҚШ флоти кемалари Пекин эътирозларига қарамасдан, Жанубий Хитой денгизида ХХР даъвогарлик қилаётган ороллар яқинидаги баҳсли ҳудудда мунтазам равишда патруллик қилади. Бу ҳақда Пентагон вакили журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, патруллик баҳсли ороллардан 12 денгиз мили (22 км дан ошиқроқ) узоқликда олиб борилади. “Биз бу ишни бир чоракда икки марта ёки бундан тезроқ қилишимиз мумкин”, - деди Reuters агентлигига америкалик ҳарбий.
Аввалроқ Оқ уй вакили Бен Родс Вашингтондаги конференцияда сўзга чиқиб, АҚШ Хитой эътирозларига қарамасдан Жанубий Хитой денгизида келгусида ҳам фаолият олиб боришини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта муқаддам АҚШ флотининг "Лассен" ракета эсминеци Жанубий Хитой денгизидаги Хитой ўзининг сув ҳудуди дея даъвогарлик қиладиган Суби архипелагининг Спратли (Наньша) риф оролидан 12 миллик узоқликдан сузиб ўтган эди. Бунга жавобан Хитой ТИВ АҚШнинг ХХРдаги элчиси Макс Бокусни чақириб, ўз эътирозларини билдирган.

Top