16:35 / 04.11.2015
18572

“UzGazOil” шохобчаларидаги “тижорий” автобензиннинг қимматлигига ойдинлик киритилди

Бугунги кунда юртимиздаги “UzGazOil” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида белгиланган нархдан қимматроққа “тижорий” бензин сотиш ҳолатлари учрамоқда. 1 литр АИ-80 русумли автобензин нархи 2030 сўм қилиб белгиланган бўлса, шохобчада 3000 сўмдан сотилмоқда.

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида “Ўзнефтмаҳсулот” акционерлик компанияси билан боғландик. Компания вакилининг Kun.uz сайтига маълум қилишича, мазкур турдаги автобензин юртимиздаги йирик компаниялар томонидан хориждан импорт қилиниб, мавжуд нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишланган нефть хом ашёси асосида олинмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижозати билан хориждан импорт қилинган нефть хом ашёсидан қайта ишлаб олинган автобензин “UzGazOil” шохобчаларида тижорий таннархида сотилмоқда”, - деди компания вакили. Унинг қўшимча қилишича, мамлакатимиздаги конлардан қазиб олинган нефтдан қайта ишлаб олинган автобензин одатдаги нархда сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент шаҳрида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги навбатларга компания вакили шов-шувлар сабаб бўлаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳайдовчилар бензин танқислиги ҳақидаги шов-шувларга ишониб, захира жамғаришга тушган. Аслида эса Тошкент шаҳрига ҳар доимги меъёрда нефть маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Top