09:35 / 05.11.2015
3209

Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари янги лойиҳалар борасида келишувга эришди

4 ноябрь куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон-Германия ва Германия-Ўзбекистон ишчи кенгашларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва идоралар, икки давлат компания ва концернлари вакиллари иштирок этди. Муҳокамалар ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, инвестиция, банк-молия, машинасозлик, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, енгил ва текстиль саноати, юқори технологиялар, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, суғурта, экспорт-импорт сингари йўналишларда олиб борилди.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Германия кенгаши раиси Рустам Азимов Claas компанияси бошқаруви аъзоси, Германия-Ўзбекистон кенгаши раиси Ян Хендрик Мор ва бошқалар икки давлат ўртасида турли йўналишлардаги ҳамкорлик самарали ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Жумладан, 2014 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 685 млн долларни ташкил қилгани қайд қилиб ўтилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида 110 корхона фаолият юритаётгани эсга олинди.

Шундан сўнг янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувлар бўлиб ўтди. Claas, Deutsche Kabel, Кnauf, МAN, Lemken, Siemens, Commerzbank сингари компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги фаолиятларини давом эттиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Top