19:17 / 10.11.2015
9457

Ўзбекистоннинг 46та туман ва шаҳарларида “Камолот” уйлари қуриб битказилди

Ўзбекистонда 46та шаҳар ва туман ҳудудларида “Камолот” уйлари барпо этилиб, ёш оилаларга топширилди. Бу ҳақда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев ЎзА мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шу кунларда Андижон, Бухоро, Когон, Қарши, Зарафшон, Янгиер, Термиз, Қувасой, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ шаҳарлари, Уйчи шаҳарчаси, Амударё, Беруний, Хўжайли, Элликқалъа, Асака, Балиқчи, Ғиждувон, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол, Муборак, Шаҳрисабз, Кармана, Қизилтепа, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Жомбой, Иштихон, Пастдарғом, Оқолтин, Сардоба, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Тошлоқ, Учкўприк, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Гурлан, Хива, Хонқа, Чилонзор, Сергели, Учтепа ва Бектемир туманлари ҳудудида “Камолот” уйлари барпо этилиб, фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган бинолар реконструкция қилиниб, ёш оилаларга топширилди.

“Айни пайтда “Камолот” уйлари учун ҳисобга қўйиш масаласи билан шуғулланувчи марказий ва ҳудудий комиссиялар келиб тушган аризаларни синчиклаб ўрганмоқда, - деди Б.Ғаниев ўз сўзида. - Мақбул топилган ёшларга “Камолот” уйларидан бирини сотиб олиш учун махсус тавсиянома берилаётир. Ҳозирги кунга қадар 2500 га яқин ёш оила рўйхатга олиниб, улар ана шундай тавсияномаларга эга бўлди”.

“Камолот” ЁИҲ раисининг қўшимча қилишича, “Камолот” уйларининг навбатдагиси янги – 2016 йил арафасида ўз эгаларига топширилади.

Top