11:06 / 19.11.2015
3223

ТИМИда 4 минг нафардан ортиқ талабанинг ота-оналари ва ректор ўртасида учрашув ўтказилди

Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ота-оналар ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янада ривожлантириш, талабалар маънавий дунёқарашини кенгайтириш, таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида ота-онларга маълумот бериш мақсадида ота-оналар ва ректор учрашуви ташкил этилди. Бу ҳақда кун.уз мобил мухбири хабар берди.

Ташкил этилган тадбирда 4000 нафардан ортиқ талабаларнинг ота-оналари, институт ректори, ўқув ишлари бўйича проректори, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор ва жамоат ташкилоти раҳбарлари ота-оналарни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ташкил этилган ота-оналар ва ректор учрашуви ота-оналарга фарзандлари таҳсил олаётган таълим муассасасида яратилган шароитлар, ўқув жараёнида амалга оширилган ислоҳотлар, моддий техника базаси ва мамлакатимизда ёшларга берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумот олиш имконини берди.

Тадбир давомида фарзандлари аъло баҳога ўқиётган ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган ижтимоий фаол талабаларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилди. Тадбирда институт ректори ота-оналарни қизиқтирган саволларга жавоб берди ва ота-оналарнинг фарзандларини ўқиш жараёнидаги масъулиятини ошириш, институтда амалга оширилаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмаслигида ота-оналар ва институт ҳамкорлигини янада ривожлантириш тўғрисидаги таклифлари тингланди.

Ташкил этилган учрашувнинг иккинчи қисмида ота-оналар институт ўқув бинолари, лабаратория хоналари, ахборот ресурс маркази, талабалар турар жойи ва талабалар ошхонаси билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Top