21:34 / 21.11.2015
13907

Пулни беҳуда сарфламаслик йўллари

Маркетологлар ва реклама берувчилар маҳсулот сотишдан кўпроқ даромад олиш мақсадида харидорлар билан ҳақиқий руҳий уруш олиб боришади. Бу “уруш”да мағлубиятга учрамаслик учун эса қуйидагиларга риоя қилиш лозим бўлади. 

1. Бироз тин олинг

Магазин айланаётганингизда ҳамёнингиз бўшаб қолмаслиги учун эътиборингизни тортган маҳсулотни дарҳол сотиб олиш истагига таслим бўлманг. Унинг олдидан ўтиб кетинг ва бироз вақтдан сўнг қайтинг — бу сизга у ҳақиқатан ҳам ёққанми ёки шунчаки лаҳзалик истакми, тушунишингизга ёрдам беради.

2. Рўйхат тузинг ва уни икки марта текширинг 

Дўконларда нима сотиб олишни билмай айланиб юриш ўрнига ўзингизга керакли маҳсулотлар рўйхатини тузинг ва сарфлашингиз мумкин бўлган пулни ҳисоблаб чиқинг. “Мақсад аниқ бўлса, фаолият самарали бўлади”, — дейди Денвер университетининг маркетинг кафедраси профессори Али Бешарат. “Тадқиқотларга қараганда, дўконга боришдан олдин оладиган нарсаларининг рўйхатини тузиб олган одамлар рўйхат тузмаганларга нисбатан 30 фоиз камроқ харажат қиладилар”, дея қўшимча қилади профессор.

3. Кўзларингизга ишонманг

Дўконларда маҳсулотлар қуйидаги тартибда жойлаштирилади — нархи қиммат маҳсулотлар ўрта токчаларга қўйилади, уларни чор тарафдан нархи арзонлаштирилган маҳсулотлар ўраб туради. “Учбурчак мувозанат тамойили” деб номланувчи бу қоидага кўра, харидор нигоҳи ҳар доим марказга қаратилади. Шунинг учун харидор арзонлашган маҳсулотларни кўриб бўлгач қиммат маҳсулотларга диққатини қаратади ва уларни сотиб олади.

4. Зарурият бўлмаса, маҳсулотга қўл тегизманг 

Тадқиқотларга қараганда, маҳсулотни ушлаш одамни уни сотиб олишга ундайди. Қўлингизда оддий стаканни 20 сониядан ортиқроқ ушлаб турсангиз, у мутлақо керак бўлмаса ҳам сотиб олгингиз келади. Янги смартфон қўлингизга қандай қулай жойлашганини кўргач, уни қайтариб пештахтага қўйгингиз келмайди. “Қўлингиздаги буюмни ўзингизникидек тасаввур қилган пайтингиздаёқ сиз хаёлан унга пул тўлашга тайёр бўласиз”, — деб таъкидлайди Висконсин университети қошидаги бизнес-мактабининг маркетинг бўйича мутахассиси Жоан Пек.

Харидингиз ҳар доим унумли бўлишини тилаймиз.

Top