08:03 / 21.11.2015
2603

Шереметьеводаги курд қочқинлари оиласи муҳожирлар учун марказга жўнатилди

Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида сентябрдан бери яшаётган суриялик курд қочқинлари оиласи Россия Федерал миграция хизматининг вақтинчалик жойлаштирув марказига юборилди. Бу ҳақда ФМХ бошлиғи Константин Ромодановский “Интерфакс” ахборот агентлигига маълум қилди.

“Бу шахсларда яшаш учун воситалар бўлмагани ҳамда уларнинг ФМХ муассасаларида жойлаштириш ҳақидаги мурожаатларини ҳисобга олган ҳолда, гуманитар асосларга кўра оила Тверь вилоятидаги ФМХнинг вақтинчалик жойлаштирув марказига юборилди”, деб айтди Ромодановский. Унинг айтишича, оила ўзининг қочқинлар деб тан олиниши ҳақида такроран ариза топширган.

19 ноябрда Химкино суди Ҳасан Аҳмад Абду ва унинг рафиқаси Гулистон Иссо Шаҳони чегарани тегишли ҳужжатларсиз кесиб ўтганликлари учун 5 минг рублга жаримага тортган эди. Тергов версиясига кўра, эр-хотиндан бири бошқа одамга берилган виза ёпиштирилган қалбаки ҳужжат тақдим қилган.

13 ноябрда Шереметьевода яшаётган курд оиласининг 13 ёшли ўғли Россия президенти Владимир Путин номига ёрдам беришни сўраб мактуб ёзган.

30 октябрда ФМХ оилага Россияда бошпана ва қочқин мақомини беришдан бош тортган эди. Бундан бир кун аввал қочқинларга нисбатан Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.

Ҳасан Аҳмад Абду рафиқаси ва 4 фарзанди билан Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида 10 сентябрдан яшамоқда. Улар келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган Гулистоннинг оиласи яшайдиган Самарага йўл олаётган бўлишган. Божхона назоратидан ўтаётганларида бошпана беришни сўрашган. Россия чегара хизмати ходимлари уларни чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишда айблашган.

Top