21:12 / 23.11.2015
7409

Сувга бўккан смартфонни қандай асраб қолиш мумкин?

Сувга тушиб кетган смартфон маш-машаси ёхуд ишлаб кетишига умид қилса бўладиган бир қанча тавсиялар.

Смартфонлар хожатхона унитазига тушиб кетганида нима қилиш кераклиги ҳақида айтиб ўтилган эди. Бироқ сув фақат хожатхонада эмас, барча жойда бор. Смартфонимиз исталган пайтда шўрвага тушиб кетиши, унинг устига чой тўкиб юборишлари, эгаси билан бирга ёмғир остида қолиб кетиши, ваннада “чўмилиши”, кийимга қўшилиб кир ювиш машинасида “ювилиши” мумкин. Бундай ҳолатларда смартфонимизни сақлаб қолиш имкони бўлмайди, албатта, аммо айрим чораларни қўллаб, уни сақлаб қолишга умид қилса бўлади.

Батареяни суғуриб олинг ёки смартфонни ўчиринг

Энг биринчи қилиниши керак бўлган иш — смартфонни энергия билан таъминловчи ҳар қандай манбадан узиб ташлаш. Сувнинг ўзи смартфонга зарар келтирмайди, аммо сув кириши натижасида содир бўладиган қисқа туташув унинг микросхемасига зарар келтириши ва телефонни яроқсиз ҳолатга келтириши мумкин. Агар смартфоннинг батареясини олиш имкони бўлса, биринчи бўлиб уни суғуриб ташланг. Мобода бундай имконият бўлмаса аппаратни батамом ўчириб ташланг.

Барча қисмларини ечиб олинг

Смартфоннинг барча қисмларини ечиш олишга тўғри келади. Ундан SIM-картани, хотира картасини, агар имкони бўлса матрица платасини ечиб олинг. Шлейфларни уланган еридан узиб ташланг.

Қуритинг 

Телефон ичига кирган суюқлик ёпишқоқ (масалан, ширин чой, газли ичимлик, кефир каби) ёки ёғли бўлса (масалан, шўрва, ёғ каби) аввало, уни сув билан ювиб ташлаш лозим бўлади.

Қуритишн жараёнини икки хил усулда амалга оширса бўлади. Биринчи усул: уни қуритишда чангютгичдан фойдаланинг. Асло финдан эмас. Чунки фин смартфоннинг сезги кучли қисмларига, масалан динамикасига, микрафонига ва экранига зарар келтиради.

Тўпланиб қолган сув тўкиб ташланади ва чангютгичда 5-10 дақиқа қуритилади.

Иккинчи қуритиш усули бироз кўпроқ вақт олади. Гуруч ёки оқшоқ бирор-бир идишга солиниб, унга ечиб олинган смартфон қисмлари аралаштириб қўйилади. Бир-икки кундан сўнг улар олиниб, йиғиб чиқилади. Ишлаб кетишига кафолат бўлмасада, ҳар ҳолда умид қилса бўлади.

Сувдан тозалашнинг янада тез усули, ечиб олинган иқсмларни тоза спиртга бир кун давомида солиб қўйиш керак. Сув спиртга аралашиб кетади. Спиртнинг ўзи эса ҳавода парланиб кетади. Аммо унутмаслик керакки, экран, динамика ҳамда микрафонни ҳеч қандай суюқликка, жумладан, спиртга ҳам солиб бўлмайди.

Агар юқоридаги усуллардан сўнг ҳам смартфон ишламаса ёки олдингидек ишламаётган бўлса, кафолат муддати тугамасдан бузилди деб, сотиб олган жойингизга олиб боришга шошилманг. Чунки уларнинг ичида махсус датчик ўрнатилган бўлиб, агар смартфон ичига суюқлик кирса унинг ранги ўзгаради. Усталар эса буни дарров пайқашади. Уялиб қлишингиз мумкин. Шу боис тақдирга тан беринг ва бундан кейин буюмларингизга нисбатан янада эҳтиёткорроқ бўлинг. Айниқса, уллар қимматбаҳо бўлса.

Top