17:06 / 24.11.2015
6063

Нега пул бахт келтирмайди ва буни қандай тузатиш мумкин?

Элизабет Данн ва унинг Британия Колумбияси университетида фаолият олиб борувчи ҳамкасблари пул бахт олиб келиши учун у билан қандай муомала қилишнинг саккиз принципини ишлаб чиқишди.

Мен яқинда саёҳатдан қайтдим. Бу саёҳат менга олам-олам завқ берди. Ҳамма нарса барибир режадагидек кетмаслигини ҳисобга олиб, саёҳатга катта миқдорда пул олиб кетдим. Унинг деярли ярми ҳар эҳтимоли учун эди. Бироқ таътил сўнгида мен ҳамма пулимни сарфлаб юборганимни англадим.

Кунлар ўтиши билан сарфлаган маблағим тўғрисида ўйлаб қолдим. Мен кўнгил ёздим, эски дўстларим билан учрашдим, кўплаб қизиқарли жойларда бўлдим ва янги-янги инсонлар билан танишдим. Ҳа, мана мени қийнаётган саволнинг жавоби аён.

Бир неча йил олдин Британия Колумбияси университети профессори психолог Элизабет Данн бахт ҳамда пул ўртасидаги боғлиқликни топишга ҳаракат қилиб тадқиқот ўтказди. Данн олдига қуйидаги мантиқий савол қўйди: Ҳеч шубҳасиз пул инсонни бахтли қилади. Бироқ нега ақлга сиғмас даражадаги пул кишини нақадар бахтли қила олмайди?

Даннинг сўзларига кўра, кўпчилик инсонлар бахтли бўлиш учун пулни айнан нимага сарфлаш кераклигини билишмайди. Бу ҳаракати билан улар бойваччаларни эслатиб юборишади, улар винога тушинмаса-да, қимматбаҳо виноларни ертўлаларига олиб қўяверишади. Ва кўпинча мана шу виноларнинг мазаси оддий ичимликлар сотиладиган дўконлардаги винолардан қолишиши аён бўлади.

Даромад ва бахт ўртасида боғлиқлик мавжуд ва бу омил ҳар биримизни мушоҳада қилишга чақириши зарур. Данн ҳамкасбларининг тадқиқотларини қайта таҳлилдан қилиб, респондентлар орасида сўровлар ўтказиб мана шундай мантиқий хулосага келди:

Агар пул сизни бахтли қилмаётган бўлса, демак сиз уни нотўғри сарфлаяпсиз.

Пул бу – бахтли бўлиш имконияти, фақатгина ундан оқилона фойдаланилаётган бўлса. Тадқиқотлар натижаси ўлароқ Данн ва унинг ҳамкасблари инсон хурсанд бўлиши учун маблағидан қандай фойдаланиши керак деган саволга жавоб бўлувчи саккиз принципни ишлаб чиқишди.

  1. Пулни кўпроқ моддий нарсаларга эмас, балки тажриба йиғиш учун сарфланг.
  2. Пулингизни бошқалар учун сарфланг.
  3. Бир қанча майда нарсалар хариди инсонни бир-иккита катта нарсалар харидига кўра хурсанд қилади. 
  4. Кафолатлар ва бошқа қиммат турадиган суғурта турларидан сақланинг.
  5. Истеъмолчи сифатидаги талабларингизни ортга суришни ўрганинг.
  6. У ёки бу харид сизнинг кундалик ҳаётингизга қандай таъсир қилиши тўғрисида ўйлаб кўринг.
  7. Сотиб олган буюмингизни муқобили билан кўп солиштирманг.
  8. Бошқа инсонларнинг пулни қандай қилиб сарф қилаётганларини кузатинг. Бу уларни бахтли қилаяптими ўйланг ва хулоса чиқаринг.

Психологлар инсонларга ҳамиша ҳаётидан кўнгли тўлиб яшашлари учун маблағидан қандай фойдаланишларини ўргатишлари мумкин. Даннинг айтишича, унинг изланишлари бу соҳада қилинаётган ишларнинг бошланишлари. Инсон ўзини кўпроқ пулни сарфлаётганида эмас, балки у ҳақида ўйлаётганида бахтлироқ ҳис қилади. Аммо бу ҳолат яхши эмас ва бунда фақатгина бизнинг ўзимиз айбдормиз. Ҳаммасини тузатиш вақти келди. Келинг топаётган пулимиздан роҳат кўриб яшашни ўрганайлик!

Top