23:19 / 24.11.2015
18573

Туркманлар Су-24 самолётининг катапульта қилган учувчиларига ҳаводалигидаёқ ўт очишган

Туркия томонидан ўз чегараларини бузиб ўтишда айбланиб уриб туширилган, Россияга тегишли Су-24 русумли ҳарбий бомбардимончи самолётнинг учувчиларидан бири Латақиядаги туркманлар гуруҳи жангарилари томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин.

Россия Бош штабида ҳам шундай маълумот билдирилган.

Шунингдек, интернетда ракета теккан самолётни катапульта қилиш орқали тарк этишга улгурган учувчиларга қарата улар ҳали бир неча юз метр баланддалигидаёқ пастдаги туркманлар томонидан ўт очилгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Видеода аввалига жангчилар осмонга қарата тинимсиз ўқ узишаётганини, сўнг гуруҳ бошлиқларидан бири ўқ узишни тўхтатишни ва учувчилар асир олиниши ҳақида кўрсатма берган.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдинроқ, Туркиядаги нашрлар учувчиларнинг тириклиги ва уларни жангарилар қўлидан озод қилиб, Истанбулга олиб келиш бўйича иш олиб борилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Бундан аввалроқ, айрим ОАВларда самолётнинг ҳар икки учувчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган, лекин бу маълумотлар расман тасдиқланмаганди.

Сурия мухолифати учувчилардан бириннинг жасади ўз тасарруфида эканини айтиб, уни Сурия ҳукумати асирлигида бўлган бир вакилига алмаштириш ниятида эканини айтганди.

Шунингдек, Суриядаги туркманлар гуруҳи вакили учувчиларнинг ерга тушгач, отиб ташлангани ҳақида маълумот берган.

Top