10:57 / 28.11.2015
4839

ЎзДЖТУда илк бор ташкил этилган “Students` union”га прeзидeнт сайланди

27 ноябрь куни ЎзДЖТУнинг фаоллар залида олийгоҳда илк бор ташкил этилаётган “Students` union”, яъни “ талабалар уюшмаси”га президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда университет ректори Шуҳрат Қаюмов, маъмурият вакиллари, олийгоҳнинг энг иқтидорли ҳамда фаол талабалари, республика ва халқаро олимпиада ғолиблари, шунингдек турли хил номдор стипендия соҳиблари иштирок этишди.

Сайловни олийгоҳ ректори кириш сўзи билан очиб берди ва ўз нутқида уюшма, унинг келгусидаги фаолияти, талабаларга яратиладиган имкониятлар ҳамда улардан талаб қилинадиган улкан масъулиятлар ҳақида гапириб ўтди. Тадбирда факультетлар орасида ўтказилган сайловларда етарли овоз тўплай олган 17 нафар талаба ўзларининг келажакда амалга оширмоқчи бўлган ишлари, ғоя ва таклифлари акс эттирилган презентацион чиқишлари билан иштирок этишди.

Овоз берувчилар тўлдирилган бюллетенларни махсус қутиларга ташладилар. Натижалар шу заҳотиёқ ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, эълон қилинди. Унга кўра, холисона ва қизғин руҳда кечган сайловда номзодлар орасида энг кўп овоз тўплаган Жаҳонгир Турсунов уюшма президенти этиб сайланди. Тадбир сўнггида университет ректори сўзга чиқиб, ғолибни табриклаб, уюшманинг келгусидаги фаолиятига омадлар тилаб, талабаларга бўлган ишончи жуда юқори эканлиги ва улар университет мавқейини жаҳон миқёсига кўтара олишларига ишончи комил эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Рустамбек ЭШБEКОВ, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси

Top