15:58 / 30.11.2015
2296

Инфантино ФИФА президентлигига сайланса, биринчи кунданоқ ислоҳотларни бошлашга ваъда қилди

ФИФА президентлиги учун сайловда номзодлардан бири бўлмиш УЕФА бош котиби Жанни Инфантино сайловда ғолиб бўлса, ФИФАда жиддий ислоҳотлар ўтказишини маълум қилди.

"Сайловда ғалаба қилсам, биринчи кунданоқ, 27 февраль кунидан мен ислоҳотларни бошлаб юбораман. Яхши бошқарув, молиявий шаффофлик, структурадаги ўзгаришлар муҳим аҳамиятга эга. УЕФАда ишлаб, мен бу ишлар билан ҳар куни шуғулланаман", — дейди Инфантино.

Маълумот учун, ФИФА президентлиги учун сайлов 2016 йилнинг 26 февраль куни бўлиб ўтади. Сайлов учун 5 кишининг номзоди рўйхатга олинган. Улар: шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа, Жанни Инфантино, Иордания шаҳзодаси Али бин ал-Ҳусайн, ФИФА бош котибининг собиқ ўринбосари ва ЖАРлик футбол амалдори Токио Сексвале.

ФИФА президентлиги учун УЕФА раҳбари Мишель Платини ҳам ўз номзодини қўйганди. Бироқ, октябрь ойи бошида ФИФА Ахлоқ қўмитаси Мишель Платини ҳамда ФИФА президенти Йозеф Блаттерни 90 кунга футбол фаолиятидан четлаштирганди.

Эслатиб ўтамиз, Блаттер ва Платини декларация тўлдирмаган ҳолда, оғзаки келишувга асосан 2 миллион швейцария франки миқдорида маблағни Платини ҳисобига ўтказиб беришда айбланиб, юқорида қайд этилган жазога тортилганди.

Айни вақтда ташкилотни вақтинчаликка Африка Футбол конфедерацияси раҳбари, камерунлик Исса Ҳаяту бошқармоқда.

Top