09:09 / 30.11.2015
15034

Қандай қилиб Самарқандда ёниб кетган масжид биноси икки кунда қайта тикланди?

2015 йилнинг 23 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Сўзангарон” маҳалласида жойлашган Хожа Нисбатдор масжиди ҳудудида ёнғин содир бўлган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ахборот хизматининг маълумотига кўра, ёнғинга масжид ёнидаги савдо дўконида электр симлари туташуви сабаб бўлган.

Хабарда келтирилишича, шамол натижасида ёнғин аланга олиб, масжид айвонининг пештоқ қисмига ўтган. Кўнгилсиз ҳолат туман ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан тезда бартараф қилинди.

“Масжиднинг айвон қисми ёнғиндан бироз зарар кўрган. Ёнғиндан зарар кўрган жой Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан қисқа муддат ичида таъмирланди. Масжид биносининг асосий қисмига ёнғин ўз таъсирини ўтказмаганлиги боис, маҳаллада яшовчи аҳоли беш вақт намозларини ушбу масжидда адо этишмоқда”, - дейилади хабар якунида.

Бироқ самарқандлик блогер Тошпўлат Раҳматуллаев вазият аслида бошқачароқ экани тўғрисида ёзмоқда. “Вазиятдан бохабар кишилар ҳайрон бўлишмоқда: нотўғри ахборот ким учун керак, бундан кимга фойда? Бутунлай вайрон бўлган 500 кв. метр майдонни эгаллаган бинони икки кунда қайта тиклаш мумкинми?”, деб ёзмоқда блогер.
Унинг таъкидлашича, “аҳоли учун масжидни очиш”нинг ҳеч қандай зарурияти йўқ, чунки у ёпилмаган. Гап шундаки, XIX асрда қурилган асосий бино ёнғиндан зарар кўрмаган. Ибодатлар ҳодиса содир бўлган кун – 23 ноябрда ҳам адо этилган.

Ёнғин янги ва эски бинолар чегарасига етганида бартараф этилган. Бироқ ўт ўз ишини қилган. У 2008-2010 йилларда намозхонлар кучи билан қурилган масжиднинг янги биносини йўқ қилди. Блогер: “бироқ шунга қарамасдан, Худонинг қудрати билан масжиднинг тарихий аҳамиятга эга эски биноси бус-бутун ва шикаст емаган ҳолда қолди”, - дея 27 ноябрь куни тасвирга олинган суратларни тақдим этган. Улардан кўриниб турибдики, янги бинодан ҳеч нарса қолмаган. “Қисқа муддат ичида қайта тикланди”, - дейиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”.

Блогернинг ёзишича, Хожа Нисбатдор масжиди 1893 йилда бунёд этилган. Ўтган асрнинг 30- йилларидан бошлаб унинг бошига Собиқ Иттифоқ давридаги кўплаб диний масканлар куни тушди. Масжид биноси кимёвий ўғитлар омборхонасига айлантирилди. Шундан сўнг қисқа муддат маҳалла чойхонаси, кейин эса почта бўлимига топширилди. 1991 йилнинг апрелидагина таъмирланиб, реставрация қилинганидан сўнг масжид биносидан асл мақсадда фойдаланила бошланди.

Top