17:49 / 30.11.2015
3246

Telegraph: Париждаги терактлардан сўнг Бельгия яҳудийлари мамлакатни тарк этмоқда

Парижда ҳамда Европанинг бошқа ҳудудларида содир бўлган бир қатор қўпорувчилик ҳаракатларидан сўнг Бельгия ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 45 минг яҳудийнинг кўпчилиги мамлакатдан кетиш имкониятини қидирмоқда, деб ёзади The Telegraph газетаси.

Бельгия сионистик уюшмасининг собиқ раҳбари Бетти Дан айни пайтда Бельгия унинг жамоаси учун хавфсиз эканлиги борасида жиддий шубҳаларини айтиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, портлашлар содир этилишдан сўнг унга ҳар ҳафта камида бир киши мурожаат қилиб, мамлакатни тарк этиш имкониятларини суриштирган. Аммо терактлардан сўнг бунда сўровлар кунига бештани ташкил қилмоқда.

“Бир неча йил муқаддам бундай сўров билан мурожаат қиладиганлар асосан нафақахўрлар эди, улар Исроил пойтахтида яшашни исташарди. Бугун бу болаларга эга бўлган ёш инсонлар, улар бу ерда ҳамма нарсани ташлаб, уйларини сотиб юборишга мажбур. Улар қўрқиб қолди”, - вазиятни тушунтирди аёл.

Дан хонимнинг ўзи ҳам яқин орада оиласи билан Тель-Авивга кетишни режалаштираётганини, аммо Бельгия унинг она ватани бўлгани учун бу қарор унга оғир келганини тан олди.

Яҳудий жамоаси етакчилари Бельгияда антисемитизмнинг (яҳудийларга нисбатан нафратнинг) ўсиб бораётганидан, бундай кайфиятлар асосан келиб чиқиши араб бўлган ёшлар орасида кучайиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Ўтган ҳафта якунида Бельгия полицияси теракт хавфи боис кўчаларни назорат қилаётган эди. Ўшанда Иккинчи жаҳон урушидан буён биринчи марта яҳудий синагогаси шаббатда ёпилишга мажбур бўлди. Шу билан боғлиқ равишда Бельгия раввини Гиги Авраам “яҳудийлар уйларида ибодат қилмоқда, бу дегани уларнинг Европада келажаги йўқдир”, деб таъкидлади.

Top