09:42 / 01.12.2015
2417

Янги ўқув йилидан Туркманистондаги бир қатор ўқув муассасаларида хитой ва япон тиллари ўқитилиши бошланади

2016-2017 йилги ўқув мавсумида Туркманистондаги бир қатор мактаблар ва Олий ўқув юртларида иккинчи хорижий тил сифатида япон ва хитой тиллари ўқитилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда turkmenistan.ru нашрининг Ашхободдаги мухбири хабар берган. Хабарда айтилишича, бу савол Туркманистон ҳукумати йиғилишида муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, Туркманистоннинг халқаро муносабатлари кенгайиши давомида туркманларнинг хориж тилларини ўрганиши кучайтирилади. Президент бу соҳа билан шуғулланиш вазифасини бош вазир ўринбосари С. Тўйлиев зиммасига юклаган.

Сапарберди Тўйлиевнинг хабар беришича, Ашхободдаги 6та, Балкан вилоятидаги 5та, Лебалдаги 3та ва Ахалск, Тошҳоуз ҳамда Маридаги 2тадан мактабда 5 ва юқори синф ўқувчиларига 2016-2017 йилги ўқув мавсумида япон ва хитой тиллари ўқитилиши жорий қилинади.

Шунингдек, Туркманистон давлат иқтисодиёт ва бошқарув институтида (дунё иқтисодиёти, дунё молия бозори ва халқаро ахборот бизнеси йўналишлари) кейинги ўқув йилидан хитой ва япон тиллари ўқитилиши бошланади.

Қолаверса, Халқаро нефть ва газ университетида, Туркманистон транспорт ва алоқалар давлат университетида ҳамда Халқаро гуманитар фанлар ва ривожланиш университетида ҳам бу тиллар ўқитилиши жорий қилиниши назарда тутилган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухаммедов 18 сентябрь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида барчанинг эътиборини миллий таълим соҳасига қаратганди ва Туркманистоннинг Хитой ҳамда Япония давлатлари билан алоқалари мустаҳкамланиши баробарида қўшма лойиҳаларда иштирок этувчи маҳаллий мутахассислар тайёрланиши кераклигини таъкидлаганди.

Top