18:31 / 03.12.2015
7791

Юрак пароги билан оғриган 6 ёшли Ҳасанжон Раҳимжоновга ёрдам учун хайрия ўйини ўтказилади

Сhampionat.asia сайти соғлиғида муаммо юзага келган Ҳасанжон Раҳимжоновга моддий ёрдам бериш мақсадида, навбатдаги хайрия акцияси ҳақида эълон берди.

Юраг пароги хасталиги билан оғриётган Ҳасанжон Раҳимжоновга давлат томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти. У тўла соғайиб кетиши учун Ҳиндистонда операция қилиниши керак. Унинг эгизаги Ҳусанжон Раҳимжонов гўдаклигида ҳаётдан кўз юмган.

"Турли сайтларда Роналдо, Зидан, Бекхэм ва Фиго каби футбол юлдузлари хайрия шоу ўйинларини ўтказишлари ҳақида кўп бора ўқиймиз. Бахтимизга, бизнинг футболчиларимиз ҳам мана шундай тадбирларни беэътибор қолдиришмайди.

Шунинг учун, бу сафарги туғилган кунимиз Ҳасанжонга бағишланади ва унда Темур Кападзенинг дўстлари Одил Аҳмедовнинг дўстларига қарши баҳс олиб боради.

Хайриядан тушадиган барча пуллар беморга тақдим этилади. Агар соғлиғи кўтарса, учрашувдаги илк тўпни айнан Ҳасанжон ва унинг 4 ёшли укаси Имомбек майдонга киритиб беришади", дейилади хабарда.

Учрашув 23 декабрь куни Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт аренасида, соат 12:00да бошланади. Унда СА сайти ўқувчилари ҳам томошабин сифатида иштирок этишлари мумкинлиги айтилган. Танаффус пайтида сайти ўқувчилари учун шоу ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳозирча бу лойиҳани "Локомотив" футбол жамоаси ва Ўзбекистон Футзал Ассоциацияси қўллаб-қувватлаган. Ўз навбатида бошқа клублардан ҳам лойиҳада иштирок этишларини сўраб қолинади.

Маълум қилинишича, шу кунларда Ҳасанжон учун махсус ҳисоб рақами очилади. Телефон рақамлари ҳақида ҳам шундан кейин батафсил маълумот берилади.

Top