20:04 / 04.12.2015
5606

Экспертлар: Малайзиянинг йўқолиб қолган Boeing самолёти ёнилғисини сарфлаб бўлиб қулаб тушган

Австралиялик экспертлар 2014 йил 8 мартда йўқолиб қолган Malaysia Airlines авиакомпанияси самолёти бўйича олиб борилаётган терговнинг янги тафсилотларини ошкор этишди. Математик ҳисоб-китоблар самолётда парвознинг охирги дақиқаларида турли тизимлар ўчиб қолган сценарийни яратишга имкон берди. Бу сценарийга кўра, самолёт ҳавога кўтарилгандан кейин ёнилғиси тугагунча 7 соат 38 дақиқа парвоз қилган, дейилмоқда Австралия транспорт хавфсизлиги бошқармаси ҳисоботида.

Биринчи бўлиб ўнг двигатель ўчган, бу унинг генератори тўхташи ва у томондан электр энергия ишлаб чиқарилишининг тўхташига олиб келган. 15 дақиқадан кейин чап двигатель ҳам ўчиб қолган. Двигателлар ишининг охирги дақиқалари бўйича аниқлаштирилган маълумотлар йўқолиб қолган самолётни қидириш ҳудудини қисқартиришга имкон берди, бу ҳудуд ҳозирда 120 минг квадрат километрни ташкил қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, двигателлар аввал тахмин қилингандан кўпроқ ишлагани боис самолёт бўлакларини қидирув олиб борилаётган ҳудуднинг жанубий қисмида қидириш лозим.

“Қидирувнинг устувор ҳудудларидаги 44 минг квадрат километрни текшириб чиқиш керак ва биз бу қидирувлар самолёт бўлакларининг аниқланишига олиб келади, деб умид билдирамиз”, деб айтди Австралия бош вазири ўринбосари Уоррен Трасс.

Трасснинг айтишича, бу ҳудудни фақатгина 2016 йил июнигача тўлиқ текшириб чиқиш мумкин бўлади. 5 декабрда видеокамерага эга бошқарилувчи мини-сув ости кемаси билан жиҳозланган кема қидириш ишлари олиб бораётган қолган икки кемага қўшилиб, қидирувлар олиб борилаётган ҳудудга йўл олади. Январда эса қидирувларга Хитой кемаси қўшилади.

Top