13:58 / 04.12.2015
14141

Келажакнинг фантастик бинолари

Ҳамма осмонўпар биноларнинг аҳамиятини улардаги қаватлар сони билан баҳолаётган бир пайтда ҳақиқий мутахассислар учун баландлик иккинчи даражада туради. Лойиҳанинг мукаммаллиги, бинонинг жойга мос тушиши, оригиналлиги – ҳаётини архитектурага бағишлаганлар учун мана шу жиҳатлар устун. Қуйидаги иншоотлар тез орада ўзининг ғайриоддий кўриниши билан жойлашган шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига айланиши тайин.

“Glassy Crown”, Манила, Филиппин

Шаҳар марказидаги ушбу миноранинг қурилиши 2018 йилда ниҳоясига етиши лозим, лекин ҳозирданоқ айтиш мумкинки, 245 метрли “Glassy Crown” Маниладаги айни пайтдаги энг баланд бинодан ҳам 42 метрга баландроқ бўлади. Иншоот лойиҳаси билан Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг редизайни орқали машҳур бўлган “Studio Libeskind” архитектура фирмаси шуғулланган.

Миноранинг пастки қаватларини офис идоралари эгалласа, юқори қаватларда пентхауслар, дуплекслар, люкслар ва квартиралар жойлашади. Кўпсонли балконлар ва айвонлар иншоотнинг ойнаванд ташқи кўриниши билан уйғунлашган.

Минора номидаги «ойнаванд» сўзи тушунарли, лекин «тож» сўзига озгина тушунтириш беришга тўғри келади. Гап шундаки, миноранинг энг юқори қисмида турли тарафларга туртиб чиққан учта қўшимча дарҳақиқат ҳукмдорларнинг бош кийимини эслатади.

 

“Zhuhai Observation Tower”, Чжухай, Хитой

Икки дарё қўшилиш жойида барпо этиладиган бу иншоот учун “RMJM” бюроси денгиз мавжудотини акс эттирувчи лойиҳани танлаган. Балиқ ёки яна айримлар сув парисининг думи деб ҳисоблайдиган бу лойиҳа архитекторларни шу даражада илҳомлантирганки, улар баландлиги 93 метрли минорада балиқ тангаларини акс эттириш учун 1400та перфорацияланган панелдан фойдаланишган.

Қурилиш якунига етганидан сўнг иншоотнинг ички майдони 3 ҳудудга бўлинади: пастки қаватда тамаддихоналар, магазинлар ва лобби жойлашади, ўртадаги қаватни тижорат муаассасалари эгаллайди, энг юқори қаватда эса 360 даражали томоша майдони бўлади.

 

“Dancing Dragons”, Сеул, Жанубий Корея

«Рақсга тушаётган аждаҳолар» — Сеулнинг бизнес квартали Енсанда айни пайтда амалга оширилаётган 15та лойиҳанинг охиргисидир. 

77 қаватли минораларнинг қурилиш ишлари Ханган дарёсининг шимолий қирғоғида олиб борилмоқда, уларнинг умумий баландлиги 450 метрни ташкил этади.

«Рақсга тушаётган аждаҳолар» архитектурасининг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир бино марказий асос атрофига қуриладиган «мини-минора»лардан ташкил топади. Ҳар бир қисм эса қадимий корейс ибодатхоналари карнизларини эслатувчи кесмалардан иборат бўлади.

Лойиҳа 2012 йилда вақтинча тўхтатилганди, лекин “Adrian Smith + Gordon Gill Architecture” архитектура фирмаси миноралар қуриб битказилишига умид қилмоқда.

 

“Pyramid Tower”, Қуддус, Исроил

Тез орада Қуддусда баландлиги жиҳатидан шаҳарда иккинчи ўринда турадиган 105 метрли эҳромсимон минора қурилиши бошланади. Лойиҳа “Libeskind” студияси ва маҳаллий архитектор Игал Левига тегишли бўлиб, улар ҳамкорликда минорада мазкур қадимий ҳудуд анъаналари ва афсоналарини акс эттиришга муваффақ бўлишган.

Иншоотда 200та апартамент, бутик-отель, ресторан ва том устига жойлашган томоша майдончаси бўлади.

 

“Tour Triangle”, Париж, Франция

Учбурчак —французларнинг энг оммабоп геометрик шакли бўлса керак. Шунинг учун ҳам Швейцариянинг “Herzog & de Meuron” фирмаси баландлиги 180 метрли минора лойиҳасида мана шу шаклни танлаган.

“Tour Triangle” 1973 йилдан буён Париж марказида баландлиги 37 метрли чегарадан ўтишга рухсат берилган биринчи бино бўлади. Бино ичида 120 номери меҳмонхона, офислар ва турли маданий мажмуалар жойлашади.

Миноранинг учбурчак шаклда қурилишининг яна бир сабаби, унинг қўшни биноларга минимал катталикда соя ташлашидир.

Top