20:16 / 04.12.2015
4033

Си Цзиньпин: Хитой Африка билан ҳамкорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 60 млрд доллар ажратади

Хитой ҳукумати Хитой ва Африка давлатлари билан 10 та ҳамкорлик дастурини молиялаштириш учун 60 млрд доллар тақдим қилади.

Бу ҳақда Хитой раиси Си Цзиньпин Йоханнесбургда Хитой-Африка ҳамкорлиги саммитидаги нутқида айтиб ўтди.

“Хитой ҳамкорлик бўйича 10 та лойиҳани муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш учун уларни молиялаштиришга 60 млрд доллар ажратади”, деб айтди Си Цзиньпин.

Си Цзиньпин ўзининг нутқида яқин уч йилда Хитой ва Африка давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустақкамлаш учун қаратилган 10 та дастурни амалга оширишни таклиф қилди. Бу дастурлар саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, инфратузилмалар қуриш, молиявий хизматлар соҳасини такомиллаштириш, савдо ва инвестициялар учун шароитларни енгиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, камбағаллик билан кураш ва аҳоли турмуш тарзи, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, гуманитар алмашувлар, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.

Си Цзиньпиннинг айтишича, 35 млрд доллар имтиёзли қарз ва Хитой маҳсулотларини сотиб олиш учун экспорт кредити сифатида тақдим қилинади. 5 млрд доллар Африка давлатларига фоизсиз кредитлар ёки беғараз ёрдам сифатида, яна 5 млрд доллар Хитой-Африка тараққиёт жамғармаси ва Африканинг кичик ва ўрта корхоналарининг ривожланишини кредитлаш бўйича махсус дастурига қўшимча сармоя сифатида киритилади. Яна 10 млрд доллар таъсис этилаётган Хитой-Африка ишлаб чиқариш кооперацияси жамғармасига киритилади.

Бугун, 4 декабрда Хитой-Африка ҳамкорлик форумининг икки кунлик саммити очилди. Унда Африканинг 50 та давлати етакчилари, Африка иттифоқи ва минтақадаги бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Top