12:30 / 08.12.2015
8307

Тожикистон матбуоти: фермерларда 1.4 млрд доллар қаердан пайдо бўлди?

Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси минтақавий иқтисодий шарҳи тақдимоти чоғида Тожикистон президенти девони вакиллари 2014 йили Тожикистонга қуруқ мева экспортидан 1.4 млрд доллар кириб келганини баён қилишди. Бу сон тожикистонлик журналистларда шубҳа уйғотди, шу боис улар масалани текшириб кўришди.

News.tj сайти ходимлари бу сонга изоҳ сўраб иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигига мурожаат қилишди. Аниқланишича, вазирлик ходимлари меҳнат муҳожирларининг мамлакатга юбораётган пул ўтказмаларининг реал ҳажмини аниқлашга ҳаракат қилишган ва бунда ўтказмаларнинг бир қисми бошқача асосга эгалиги маълум бўлган.

Айни пайтда Россияда, РФ Федерал миграция хизматининг расмий маълумотларига қараганда, Тожикистоннинг 1 млн фуқароси ишламоқда, шулардан 250 минг нафари иккита фуқароликка эгадир. Шу тариқа, уларни меҳнат муҳожирлари деб бўлмайди. Қолган 750 минг кишига келсак, улар ойига ўртача 500 доллар, йилига 6 минг доллар топади. 750 минг муҳожирнинг йиллик умумий даромади 4.5 млрд долларни ташкил қилади.

Бу сумманинг ярми Россиянинг ўзидаёқ сарфланади, қолган 2.25 млрд доллар эса Тожикистонга юборилади. Шунга қарамай, миллий банк маълумотларига қараганда, 2014 йилда пул ўтказмалари ҳажми 3.9 млрд долларни ташкил этган, бу эса ЯИМнинг 45 фоизи демак. Юқорида келтирилган реал сонни бу кўрсаткичдан айрисак, 1.65 млрд доллар қолади. Бу пул мамлакатга, муассаса мутахассисларининг фикрича, пул ўтказмалари шаклида, лекин меҳнат муҳожирларидан эмас, қуруқ ва хўл мева экспортчиларидан кириб келади.

Россия бозоридаги рақобатга бардош бера олиш учун экспортчилар шу йўл билан тежашга ҳаракат қилишади, негаки муҳожирларнинг пул ўтказмалари солиққа тортилмайди. Айнан мана шу ҳисоб-китоблар асосида юқоридаги сон (1.4 млрд доллар) пайдо бўлган ва расмий доирада тилга олинган.

Top