19:05 / 10.12.2015
7727

Ўзбекистон ТИВ: террорчиликка қарши кураш бутун ислом дунёсига қарши зиддиятга айланиб кетмаслиги керак

Ўзбекистон ТИВ ўринбосари Дилёр Ҳакимов террорчиликка қарши курашни ислом дунёсига қарши зиддиятга айлантириб юбормасликка чақирди. Ислом динини эса ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликка асосланган бирлаштирувчи ва муқобиллаштирувчи восита сифатида ишлатишни таклиф қилди.

"Ўзбекистон ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни ривожлантириш ва халқаро муаммоларни сиёсат ёрдамида ҳал қилишни тарафдори. Террорчиликка қарши курашни ислом динига қарши зиддиятга айлантирмаслик керак", дейди Дилёр Ҳакимов.

Ушбу нуқтаи назарни, Ўзбекистон делегацияси раҳбари Белградда бўлиб ўтган ЕХҲТ (ОБСЕ) Ташқи ишлар вазирлар кенгашида маълум қилди.

Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, дунёда мураккаб геосиёсий вазият юзага келган, радикал террорчи гуруҳлар алоҳида хавф туғдирмоқда, шу жумладан Афғонистон ҳудудидаги жангари гуруҳлар ҳам.

Ўзбекистон сиёсатчиларининг фикрига кўра, Афғонистондаги муаммоларнинг ёлғиз ечими – тинч ва сиёсий музокаралар ўтказиш.

“Ҳар қандай кескин қарама-қаршилик ва тўқнашувлар муаммосини, халқаро ҳуқуқ қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда, тинч сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига Ўзбекистон тўлиқ ишонади”, — деди дипломат.

Маҳаллий ва глобал хавфсизликни ошириш чораси сифатида, Ўзбекистон ўзаро ҳурмат, тоқатлилик ва маданий бағрикенглик мафкурасини тарғиб қилишни таклиф қилмоқда.

Ҳакимовнинг сўзларига кўра, кўп йиллар давомида исломий илмлар маркази бўлган Ўзбекистон, халқлар ва динлараро муносабатларда бағрикенглик, одамлар орасидаги муносабатларда, миллат ва эътиқодидан қатъи назар, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлилик тарафдори ҳисобланади.

“Бизнинг мамлакат, террорчиликка қарши кураш, ислом дунёсига қарши очиқ ёки яширин зиддиятга айланиб кетмаслиги керак. Турли маданиятлар ва динлар орасидаги муносабатларда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат масалалари, ижтимоий мослашув муаммосини ҳал қилиш ЕХҲТ гуманитар ишлар рўйхатидан устувор ўрин эгаллаши керак”, — деди ТИВ вакили.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, шу ўринда региондаги экология муаммоларида ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан у, Орол денгизи муаммоси Ўрта Осиё мамлакатларини бирлаштирувчи восита бўлиши кераклигини таъкидлади. Ушбу масалада, Ўзбекистон Амударё ва Сирдарё ирмоқларида йирик тўғон ва ГЭСлар қурилишига қарши чиққан. Чунки ушбу дарё ҳавзаларида миллионлаб одамларнинг ҳаётини таъминловчи воҳалар жойлашган.

Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, регионда сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари, барча мамлакатлар қизиқишини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан, ҳал қилиниши керак.

Top