14:15 / 12.12.2015
19333

Энг антиқа санъат асарлари

Испаниялик рассом Давид Ката ўз танасига таржимаи ҳолини битади — ҳаётида муҳим ўрин тутган инсонлар: қариндошлари, яқинлари, устозлари, хуллас, унга таъсир ўтказган кишилар суратларини чизади.  

Улкан (100 000 квадрат метрдан ошиқ) ленд-арт-объект бўлган “Саҳро нафаси” Саҳрои Кабирда жойлашган. “D.A.ST.Arteam” жамоаси 8000 куб метр қумдан конуслар барпо этишган, уларнинг марказида эса диаметри 30 метрли сув ҳавзаси бор. “Саҳро нафаси”, айниқса, юқоридан қараганда чиройли кўринади.

Француз фотографи Закари Годрийо-Руа архитектурани юпқа бўлакларга бўлади. Бинолардан икки ўлчамли юза қолади.

Вест-Индия ороллари соҳилида ҳайкалтарош Жейсон де Клейрс Тейлор “MUSA” (Museo Subacuatico de Arte) деб номланувчи сувости бадиий музейини очди. Сув остида унинг ижодига мансуб 500 дан ортиқ ҳайкал жойлашган.

Калифорниядаги “Coachella” фестивали иштирокчиларини баландлиги 11 метрли фазогир кутиб олди. “Poetic Kinetic Inc.” компанияси маҳсули бўлган бу фазогир ҳаракатлана олади. 

Француз ҳайкалтароши Поло Гранжон 2008 йилдан буён папье-машедан тайёрланган 1600 та панда тасвирини олиб юради ва турли ёдгорликлар олдида уларни суратга олади. У 20 дан ортиқ мамлакатга саёҳат қилган. 1600 рақами бежиз эмас, дунёда ҳозирда шунча дона панда қолган.

“Redball Project” — нью-йорклик рассом Курте Першкенинг “Қизил шар” деб номланган лойиҳаси 2001 йилдан бери дунё бўйлаб саёҳатда. Диаметри беш метр бўлган пуфлама тўп Абу-Даби ва Барселонада, Тайбэй ва Торонтода, Сидней ва Парижда бўлган.

Британиялик ҳайкалтарош Робин Вайтнинг севимли мавзуси қизлар ва момақаймоқлардир. У пўлат симлардан тайёрлаган асарларида айнан шу икки мавзуни кўтариб чиқади. Унинг бир нечта асари Буюк Британиядаги “Trentham Gardens” паркидан жой олган.

Швейцариялик ака-ука Франк ва Патрик Риклин бутун далани лахтаклардан тайёрланган улкан чойшабга айлантиришмоқчи. “BIGNIK” деб номланувчи бу лойиҳада маҳаллий аҳоли қатнашмоқда: улар уйларидаги сочиқ, дастурхон, ёпинчиқ ва шу каби матоларни ака-укаларга беришмоқда. Бу суратда лойиҳанинг 4 фоизи тайёр бўлган ҳолати акс этган. 

Япониялик рассом Макото Адзума фазога гулдаста ва бонсай кўчатини учирди. Сўнгра эса бу ўсимликларнинг суратини олди. Бунинг учун рассом “JP Aerospace” компанияси билан ҳамкорликда стратосферага гелий тўлдирилган шарлар ёрдамида ўсимликлар ва фототехникани учирди.

Лондондаги Тауэр жарлигини 888 246 дона қирмизи рангдаги керамик қизғалдоқлар тўлдирди. Рассом керамист Пол Камминснинг “Blood Swept Lands and Seas of Red” деб номланган бу лойиҳаси Биринчи жаҳон уруши бошланганлигининг юз йиллигига бағишланди. 888 246 — айнан шунча нафар британиялик аскарлар урушдан қайтмаган.

Тоноп (Невада)да Жон Геррард 10 000 та кўзгудан иборат ҳайкал барпо этди. Уларда акс этган қуёш нури қуёш энергиясини электрга айлантирувчи термал батарея минораси учига йўналтирилади. 

Катарина Гроссе темир йўли бўйлаб чўзилган дарахтлар, буталар, ташландиқ биноларни турли рангларга бўяб Филадельфия манзарасини ифодалайди. Бу асарни поездда кетаётганда томоша қилган маъқул.

Фрэнк Гери лойиҳаси асосида Париждаги Булон ўрмонида олти йил давомида қурилиши олиб борилган “Louis Vuitton” жамғармасининг биноси фойдаланишга топширилди. Ичкарида 350 кишига мўлжалланган аудитория, китоб магазини, ресторан ва бошқа кўплаб мажмуалар бор.

Венгриялик ҳайкалтарош Габор Миклош Секе Будапештда улкан бургут ҳайкалини ясади. Қанотларининг узунлиги 16 метр, баландлиги 8 метр, оғирлиги 15 тонна бўлган бу қуш 15000 та пўлат призмалардан иборат.

Манба: xabardor.uz

Top