02:03 / 13.12.2015
9669

ОАВ: автобус ҳайдовчиси унинг чекишига эътироз билдирган қизга таксида кетишни маслаҳат берди

“Оила даврасида” газетасининг навбатдаги сонида чоп этилган мақолада Тошкентдаги жамоат транспортида кузатилаётган айрим камчиликлар танқид остига олинди. Илгари матбуотда кўп бора кўтарилган “пойга ўйнаш” мавзуси ҳам четлаб ўтилмади.

“Кейин эса автобус пойгага чиққандек шошилади. Ҳатто енгил машиналар ҳам ортда қола бошлайди. Барака топгур ҳайдовчилар йўл-йўлакай бетиним телефонлашади: «Анови қайси бекатда, фалончи қаердан ўтди?» Баъзан бошларини чиқариб ёнида қувишаётган ҳамкасби билан орани очиқ қилишга ҳам улгуради: “Ҳе, сени...”.

Бундай пайтда йўловчилар «манзилимга соғ-омон етиб олай», деб ичида дуо қилиб ўтиради”, - деб ёзади мақола муаллифи.

Илгариги материаллардан фарқли равишда, автобус ҳайдовчиларнинг муомала маданияти ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Бунинг учун ҳаётий бир мисол келтирилди.

“Мана, тиқилинч автобусдамиз. Тоза ҳаво етишмаётганида, қаердандир тамаки иси келди. Тиқилинчдан ҳатто қўлини чўнтагига сола олмайди киши. Эътибор берсам, автобус салонида «Чекилмасин!» деган ёзув бор. Бу йўловчилар учун илинган. Қарасам, бу қоидани бузаётган йўловчи эмас, ҳайдовчининг ўзи экан.

Ҳайдовчи кабинаси яқинида қўққайиб туриб қолган бир жувон ўқчиди (балки, ҳомиладордир). Сўнг қўли билан бурнини тўсиб, сал ўзига келгач, ҳайдовчидан илтимос қилди:

— Илтимос, чекманг.
Ҳайдовчи ўзини эшитмаганга олди. Илтимос қайтарилгач, унинг доимий тарафдори — чиптачи йигитча бобиллаб берди:

— Ёқмаса, таксида кетинг!”.

“Нега ҳеч ким уларга ёқмаса, ишдан кетинг, ўрнингга бошқа, одоблироқ ҳайдовчи келсин, демайди?”, - савол беради журналист.

Top