09:35 / 13.12.2015
12681

Рой Жонс Россия байроғи остида ўтказган илк жангида нокаутга учраб, мағлуб бўлди

Шу йилнинг кузида Россия фуқаролигини қабул қилган америкалик машҳур боксчи Рой Жонс ўзининг навбатдаги жангини, (Россия байроғи остида илк жангги - таҳририят изоҳи) 12 декабрь куни Москва шаҳрида ўтказди. Унинг рақиби биринчи оғир вазн тоифасида собиқ WBO йўналиши чемпиони британиялик 35 ёшли Энцо Маккаринелли бўлди.

Москвадаги «ВТБ Ледовый дворец» спорт аренасида ўтказилган жангнинг тўртинчи раундидаёқ Рой Жонс нокаутга учради.

"Янги россиялик"нинг илк жанги томошаси учун чипталар нархи жуда қиммат бўлганига қарамасдан (нархлар 2000 рублдан бошланган) россияликлар аренани тўлдиришган. Лекин жанг тез тугаб қолгач ва Жонс мағлуб бўлгач, баъзи ташриф буюрувчилар "Россия паспортини қайтариб бериш"ни сўраб қичқира бошлашган.

Қайд этиш керакки, 35 ёшли британиялик боксчи 46 ёшли собиқ жаҳон чемпионини полга қулатгач, у анча вақтгача ўзига кела олмаган. Унга ҳатто кислород ниқоби тақишга тўғри келган. Уни тиббиёт ходимлари рингдан замбилда олиб чиқиб кетишган.

“Мен ҳеч қачон ушбу жанг фаолиятимдаги сўнггиси бўлади, демаганман. Матбуотда шу ҳақида хабарлар пайдо бўлибди. Ўзимни қандай ҳис қилишимга қараб якуний қарорни қабул қиламан. 12 декабрь кунги жангда ғалаба қозона олмаган тақдиримда ҳам, агар ўзимни яхши ҳис қилсам, катта боксдан кетмайман”, — деган эди Рой Жонс жангдан олдинроқ.

Top