23:29 / 18.12.2015
5404

Чеченистонлик ёзувчи “Аватар” фильми юзасидан 20th Сentury Fox киностудиясига билдирган даъволаридан воз кечишга тайёр

Чеченистонлик ёзувчи Руслан Закриев “Аватар” фильмини яратишда унинг ғоясини ишлатишда айблаётган АҚШнинг 20th Сentury Fox киностудияси ва режиссёр Жеймс Кэмеронга нисбатан ўз даъволаридан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда ёзувчи ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилди.

“Бундан аввал менинг адвокатим Кэмероннинг ёрдамчиси Том Клэнсидан мактуб олди, унда АҚШ томони чеченистонлик кинематографлар билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган. Бундай вазиятда мен ўзимнинг даъволаримдан тўлиқ воз кечишга тайёрман, чунки мен ижодкорман ва бу мен учун судлашиш ёки товон пулидан муҳимроқ”, деб айтди Закриев.

Бу ҳафтада Закриев Москванинг Хамовнич туман судига 20th Сentury Fox устидан даъво аризаси топширди. У ўзининг аризасида кинокомпанияни “Аватар” фильмини суратга олишда муаллифлик ҳуқуқларини бузганликда айблаган ва жавобгардан моддий зарар сифатида 10 млн рубль товон пули ундирилишини сўраган.

Апрелда Ставрополь ўлкасининг туман суди Закриевнинг “Аватар” фильми сценарийси муаллифи сифатида тан олиниши ҳақидаги даъво аризасини қабул қилишдан бош тортган. 3 июлда Ставрополь ўлкаси суди адибнинг шикоятини қондиришдан бош тортган ва туман суди чиқарган қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

2010 йилда Руслан Закриев “Аватар” фильми ғояси 2002 йилда интернетда чоп этилган унинг “Тотал уруш – махфий қурол” (“Тотальная война - Секретное оружие”) романидан олинганини биринчи бор айтган.

“Аватар” фантастик фильми 2009 йилда экранларга чиқарилган. Фильм 9 йўналиш бўйича “Оскар” мукофотига номзоди қўйилган ва фильм улардан учтасида ғолиб бўлган. “Аватар” тижорий жиҳатдан тарихдаги энг муваффақиятли фильм ҳисобланади. У келтирган фойда 2,7 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Top