23:28 / 20.12.2015
6899

Испания чемпионати, 16-тур: “Реал” “Райо Вальекано”га 10 та тўп урди, “Депортиво” “Эйбар”ни ютди

Испания Примерасининг 16-турида Мадриднинг “Реал” клуби ўз майдони “Сантьяго Бернабеу”да Мадриднинг яна бир клуби – “Райо Вальекано”ни 10:2 ҳисобида тор-мор этди.

“Қаймоқранглилар” Данилонинг аниқ зарбаси эвазига тезкор голни амалга оширишди, бироқ кейин кетма-кет иккита тўп ўтказиб юборишди: “арилар”да Антонио Амайя ҳисобни тенглаштирди, Хосабед ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шундан 2 дақиқа ўтиб, яъни 14-дақиқада “Райо” Титонинг майдондан четлатилиши оқибатида камчилик бўлиб қолди. Кўпчилик бўлиб ўйнаётган мезбонлар 1-бўлимнинг ўртасида Гарет Бэйл голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Бир неча дақиқа ўтиб, яъни 28-дақиқада меҳмонларнинг яна бир ўйинчиси ўйиндан четлаштирилди: ўз жарима майдонида қўполлик қилган Рауль Баэна иккинчи сариқ қарточкани олиб, жамоасининг 9 киши бўлиб қолишига сабабчи бўлди. 11 метрлик жаримани Криштиану Роналду бехато амалга оширди. 1-бўлим охирида Бэйл “Райо” дарвозасига 4-тўпни киритди.

2-бўлимда меҳмонлар рақиблари дарвозасига яна 6 та тўпни киритишга муваффақ бўлишди: Бэйл яна иккита тўп уриб, покерга эришди, Бензема хет-трик амалга оширди, Роналду яна битта тўп киритиб, дублга эришди.

“Реал” мусобақа жадвалида 3-ўринда турибди ҳамда 35 очкога эга ўзининг асосий рақиблари “Барселона” ва “Атлетико”дан 2 очко ортда қолмоқда, бироқ охиргилар бу турда ҳали учрашув ўтказишмади.

Испания Примераси. 16- тур

Реал Мадрид – Райо Вальекано – 10:2
Голлар: Данило, 3 (1:0); Амайя, 10 (1:1); Хосабед, 12 (1:2); Бэйл, 25 (2:2); Роналду, 30 (3:2, пен); Бэйл, 41 (4:2); Бензема, 48 (5:2); Роналду, 53 (6:2); Бэйл, 61 (7:2); Бэйл, 70 (8:2); Бензема, 79 (9:2); Бензема, 90 (10:2).
Четлатиш: Тито, 14; Баэна, 28 (Райо Вальекано)

Турдан ўрин олган яна бир учрашувда “Депортиво” ўз уйида “Эйбар”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. 41-дақиқада Лукас Перес пенальтини аниқ амалга оширди. Футболчи 7 турдан бери майдонни голсиз тарк этмаяпти ҳамда клубнинг Бебетога тегишли рекордини қайтарди. 68-дақиқада мезбонлар Луизиньюнинг майдондан четлатиши сабабли 10 киши бўлиб қолишди. Бироқ улар ортга чекинмадилар, балки ҳужумкор ўйинни давом эттириб, рақиб дарвозасига яна бир тўп киритишга муваффақ бўлдилар: 73-дақиқада Алехандро Аррибаса учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди.

Учрашувдан кейин “Депортиво” мусобақа жадвалида 26 очко билан 6-ўринни, “Эйбар” эса 21 очко билан 9-ўринни эгаллади.

Депортиво – Эйбар – 2:0
Голлар: Перес, 41 (1:0, пен); Аррибас, 73 (2:0).
Четлатиш: Луизинью , 68 – нет.

Тур доирасида Севилья дербисида “Бетис” ва “Севилья” жамоалари 0:0 ҳисобида дуранг натижа қайд қилишда.

Айни пайтда “Севилья” мусобақа жадвалида 23 очко билан 7-ўринда, 20 очко тўплаган “Бетис” эса 12-ўринда кетмоқда.

Бетис – Севилья – 0:0

Top