20:03 / 21.12.2015
5588

Тожикистон Саудия Арабистони бошчилигидаги Мусулмон коалициясига қўшилмоқчи

Тожикистон Саудия Арабистони ташаббуси билан террочиликка қарши тузилган Мусулмон коалицияси таркибига қўшилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Тожикистоннинг Ар-Риёддаги элчиси Шариф Азамшо Латифзодага асосланган ҳолда «Аш-Шарқ ал-Авсат» газетаси ёзган.

Элчининг қайд этишича, Тожикистон коалициянинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишни истайди.

Латифзоданинг айтишича, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2016 йилнинг январида Ар-Риёдга сафар уюштириб, қирол Абдулазиз Салмон билан учрашишни режалаштирган. Томонлар ушбу учрашувда терроризмга қарши кураш масалаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилиши кутилади. Ушбу учрашувдан кейин Душанбе коалициянинг аъзосига айланиши мумкин.

Қайд этиш керакки, Саудия Арабистони 15 декабрь куни террорчиликка қарши курашувчи 34 та мусулмон давлатидан иборат альянс ташкил қилинганини эълон қилди.

Коалицияга Саудия Арабистони, Иордания, БАА, Покистон, Бангладеш, Баҳрайн, Бенин, Туркия, Чад, Того, Тунис, Жибути, Сенегал, Судан, Сьерра-Леоне, Сомали, Габон, Гвинея, Фаластин, Комор Ороллари, Қатар, Кот-д'Ивуар, Кувайт, Ливан, Ливия, Мали, Мальдив Республикаси, Малайзия, Миср, Марокаш, Мавритания, Нигер, Нигерия ва Яман кирган.

АҚШ мудофаа вазирлиги Саудия Арабистони бошлиқ коалицияни қутлаган.

Россия эса бу коалициянинг мақсадларини аниқ билмаган ҳолда, муносабат билдиришга ҳали эрталигини айтиб ўтган.

Саудия Арабистони бошчилигидаги янги аксилтеррорчилик коалицияси халқаро ҳамжамият билан бирга ишлаши айтилган.

Top