18:41 / 22.12.2015
5620

Туркманистон президенти Янги йил арафасида ҳамма ёқни арчаларга буркашни буюрди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Янги йил арафасида бутун мамлакат бўйлаб ҳамма ёққа кўплаб арчалар ўрнатишни топширди. Бу ҳақда “Туркманистон: олтин аср” нашри ёзмоқда.

21 декабрь куни ўтган вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари билан учрашув чоғида у байрам олдидан сотиладиган совға-саломлар хилма-хиллигини таъминлаш ҳақида кўрсатмалар берди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари вилоят ҳокимларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда иситиш тизимларининг ишлаши борасидаги ҳисоботлари билан танишиб чиқди. Янги йил кунлари йўловчи транспортининг ва коммунал хизматларнинг узлуксиз ишлашига алоҳида эътибор қаратилди.

Республикада 1 январь дам олиш куни ҳисобланади. Янги йил куни давлат раҳбарининг фуқароларга мурожаат ўқиб эшиттирилади. Ашхободда бош арча ўрнатилади, ТВ орқали байрамона концерт дастурлари трансляция қилинади.

Top