20:38 / 25.12.2015
7276

Марҳум хонанда Жанна Фрискенинг мол-мулки ҳибсга олиниши мумкин

Марҳум россиялик хонанда Жанна Фрискенинг мол-мулки агар унинг яқинлари хонанданинг саратондан даволаниши учун йиғилган хайрия пуллари нима мақсадларга ишлатилгани ҳақида ҳисобот бермасалар, ҳибсга олиниши мумкин.

Фрискенинг оиласидан харажатлар ҳақидаги ҳисобот берилишини бу пулларни йиғишга кўмак берган “Русфонд” жамғармаси талаб қилмоқда. Пулларнинг бир қисми хонанда даволанган АҚШдаги шифохонага тўлаб берилган, яна бир қисми хайрия ишларига ўтказиб берилган.

Қолган 25 млн рубль хонанданинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказиб берилган, чунки қонунга кўра хайрия жамғармаси ўз ҳисобида хайрия пулларини бир йилдан кўпроқ вақт ушлаб туришга ҳаққи йўқ.

Фрискенинг яқинлари бу пуллар қаерга кетгани ҳақида тўлиқ ҳисобот беришмаган. Улар фақатгина 4,5 млн рубль бўйича ҳисобот беришган. Жамғарма қолган 20 890 831 рубль бўйича ҳам ҳисобот беришни сўраган ҳамда буни 2016 йилнинг 15 январигача амалга оширишни сўраб хонанданинг оиласига ёзма равишда мурожаат қилган.

Агар Фрискенинг ота-онаси ва турмуш ўртоғи Дмитрий Шепелев бу талабни бажармасалар, унда улар қарз бўйича баробар жавоб беришларига тўғри келади, деб айтмоқда ҳуқуқшунос Владислав Кочерин.

Унинг айтишича, хонанданинг меросхўрлари ҳисоботнинг йўқлигини асослаб беришлари керак бўлади, чунки қарз берувчи “Русфонд” жамғармаси Фрискенинг мол-мулкига даъвогарлик қилиши мумкин. Шу сабабли хонанданинг мол-мулки суд чораси сифатида ҳибсга олиниши мумкин. Одатда бундай вазиятларда кредиторлар томонидан пул воситаларини ундириш ҳақида даъво аризаси топширилади, унга кўра барча тафсилотлар аниқланмагунча қарздорнинг бор мол-мулки ҳибсга олиниши мумкин. Сўнгра суд мол-мулкнинг қандай қисми қарз берувчига, қандай қисми меросхўрларга ўтишини ҳал қилади.

Top