20:47 / 27.12.2015
4446

Франция мусулмонлари барча французларни ишонч ҳақида суҳбатлашиб олиш учун масжидлардаги чойхўрликка таклиф қилди

Франция мусулмонлари 2016 йилнинг январь ойида мамлакатдаги барча масжидларда очиқ эшиклар куни ўтказилиши ташаббуси билан чиқди. Ислом тарафдорлари барча хоҳловчиларни тинчлик ва бирдамлик номи остидаги “биродарлик чойхўрлиги”га таклиф этади, дея элон қилди Француз мусулмонлар кенгаши раҳбари Ануар Кбибеш. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.

Мазкур акция 2016 йилнинг 9 ва 10 январь кунлари бўлиб ўтади.
Кбибешнинг сўзларига кўра, акция мақсадларидан бири “11 январь руҳини хотирлаш”дан иборат.

Унинг сўзларига кўра, Рона Альплари ҳудудидаги масжидда очиқ эшиклар кунлари ўтказилди ва мазкур ташаббус юқори баҳоланди. Бу каби тадбирлар Франциянинг турли шаҳарларида Европа мероси кунлари муносабати билан ўтказилди.

Очиқ эшиклар кунларида Франция масжидларида барча хоҳловчилар ўзида тинчлик ва сабрни мужассам этган исломнинг асл қиёфаси билан таништирилади

“Келганларнинг барчаси истаган барча саволларини бериши мумкин. Ҳаттоки энг тақиқланганларини ҳам. Ўз ишончимиз, қандай ибодат қилишимиз ҳақида сўзлаб берамиз. Буларнинг барчаси бир пиёла чой устида бўлиб ўтади. Бизнинг мақсадимиз бир-биримизни яхшироқ билиш ва ишончсизлик деворини барбод қилишдан иборат”, - дея қайд этди Ануар Кбибеш.

Ислом Францияда эътиқод қилувчилар сони бўйича иккинчи ўриндаги дин бўлиб, турли маълумотларга кўра мамлакатда 6 миллион нафаргача инсон ушбу дин вакили саналади.

Top