18:29 / 27.12.2015
30169

Наманганда собиқ бошлиғидан қасос олишни истаган шахс қотилларни ёллаб, бутун оилани қатл қилдирди

Наманганнинг Норин туманида истиқомат қилувчи Азизбек Аҳмедов жаҳл устида оғир жиноятга қўл уриб, узоқ йилларга қамоққа ташланди. Воқеа тафсилотлари “Ҳуқуқ” газетаси келтирмоқда.

Айтилишича, Аҳмедов “Норинтехсервис” МЧЖни 10 йил бошқариб келган. Аҳмедовга ишонган корхона раҳбари Зумрад Бойметова ўзига тегишли “Норин соф кредит” МЧЖ бошқарувини ҳам унга топширган. Аммо Аҳмедов молиявий жиноятларга қўл ураётганини, унга бўйсунмай қўйганини пайқаган аёл ходимини бўшатиб юборган. Аҳмедов аёлдан ўч олиш пайига тушган.

Шу мақсадда у пул эвазига қотилларни ёллаган. Улар орасида энди 19 ёшга тўлган Баҳриддин Боқижоновлар ҳам бор эди. Гуруҳнинг қолган аъзолари - Шерзодбек Исмоилов ва Нодирбек Ҳусанов бир неча маротаба судланган жиноятчилар эди.
Қотиллар режа тузиб, тунги пайтда Бойметованинг ҳовлисига бостириб киришган. Аёлнинг ётоқхонасига бостириб кириб, уни қўлга олишган. Шовқиндан уйғониб кетган келини Д. Ортиқова ҳам икки фарзанди билан қўлга олинган.
Уй эгалари қийноққа солинади. Бойметованинг қўллаги темир арматуралари ва ўқлов билан уриб, хушидан кеткизишади. Аёлларни қийноққа солиб, жиноятчилар улардан 33.5 млн сўм ундиришган. Сўнг ҳовлида турган Nexia машинасининг калитини олишган.

Қотиллар Бойметованинг қўл-оёғини боғлаб, машинанинг юкхонасига жойлашган, оиланинг қолган аъзоларини эса машинага жойлаштириб, Андижон каналига олиб боришган.
У ерга етиб боргач, қотиллар бир неча ойлик гўдак Жавоҳирни онасидан тортиб олиб, кўчанинг бир четига улоқтириб юборишган. Д. Ортиқованинг ўзини катта ўғли Камрон билан қўл-оёғини боғлаб, каналда чўктириб юборишган.
Ниҳоят, Nexia’ни юкхонасида ётган З. Бойметова билан биргаликда сувга ғарқ қилишган.
Бир неча кундан сўнг Бойметованинг командировкадан қайтиб келган ўғли оила аъзоларини топа олмай, шубҳага борган. У тезда тегишли идораларга мурожаат қилган ва ўзи ҳам қидирув ишларини олиб борган. Натижада қотиллар тез орада қўлга олинган.

Кейинроқ аниқланишича, жиноятчилар томонидан кўча четига ташлаб кетилган мурғак Жавоҳир Жамшид Собиров исмли шахс томонидан топиб олинган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Жиноий ишлар бўйича Наманган вилоят суди А. Аҳмедовни 20 йилга, Ш. Исмоилов ва Н. Ҳусановни 25 йилга, вояга етмаган Б. Боқижоновни 15 йилга қамоқ жазосига маҳкум этди.

Top