16:09 / 30.12.2015
9467

“Наманган ёшлар маркази”да Янги йил шоуси бўлиб ўтди

“Наманган ёшлар маркази” томонидан ташкил этилган шоу дастури ёшларга янги йилда янги орзулар, янги мақсадлар шукуҳини олиб келди. Боиси, ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурган, кўплаб иқтидор ва истеъдод эгаларини ўзида жам қилган “Наманган ёшлар маркази” фойдаланишга топширилганига бу йил 5 йил бўлди.

Марказнинг 5 йиллиги янги “2016 йил – Соғлом она ва бола йили” билан қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Юқори савияда ташкил этилган байрам дастурида марказ тўгаракларининг энг фаол аъзолари, ташаббускор ёшлар, турли танлов ва мусобақалар ғолиблари, шунингдек, барча тўгарак раҳбарлари иштирок этди.

Ёш спортчиларнинг чиқишлари, ёш дизайнерларнинг либослар кўргазмаси, шўх куй-қўшиқлар, ажойиб рақслар ва турли саҳна кўринишлари байрам тадбирига ўзгача кайфият бахш этди. Айниқса турли эртак қаҳрамонлари, қорбобо ва қорқизнинг безатилган арча атрофидаги театрлаштирилган бир-биридан қизиқарли чиқишлари қўшалоқ байрамни чин маънода кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.

Ҳожиакбар Паттаев, Саидакбар Муталов

Top