12:36 / 25.01.2016
13110

Алишер Навоий номидаги кинотеатрда "Барон" фильми учун 1 кунда 4500та чипта сотилди

17 январь куни премьера қилинган, режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Барон” кинокартинаси Тошкентдаги Алишер Навоий номли киносаройи ("Панорама")да намойиш этилиши давом этмоқда. 23 январь куни киносарой кассасида бу фильм учун 4,5 мингта чипта сотилган.

Қайд этиш керакки, бу фильм 2 қисмдан иборат бўлгани учун чипта нархи 10 минг сўм қилиб белгиланган. Таққослаш учун, киносаройда одатда бошқа фильмлар учун чипталар 7 минг сўмдан сотилади.

"Барон" кинофильми ҳали экранларга чиқмасиданоқ томошабинларда катта қизиқиш уйғотган эди. Ўзбек кино санъати тарихида энг йирик бюджетли ҳисобланган ушбу фильм намойиши аншлаг тарзда ўтмоқда", дея ёзади “Darakchi.uz” сайти.

Мухбирнинг маълумот беришича, томошабинларнинг талаб ва истакларига биноан 21 январдан эътиборан Алишер Навоий номли киносаройнинг барча ўнта залида фақат “Барон” фильми намойиш этилди. Киносарой ходимлари бундай воқеа киносарой тарихида бўлмаганини ҳам алоҳида таъкдлаб ўтган. Касса ходимлари 23 январь куни “Барон” фильми учун 4,5 мингта чипта сотилганини айтишган.

“Барон” фильми шунингдек, “Ғунча”, “Парус”, “Киночилар уйи”, “Мегапланет”, “Премъер холл” каби киносаройларда ҳам намойиш этилмоқда.

Маълумот учун, “Барон” кинофильмида ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда глобал муаммога айланган аср вабоси-гиёҳвандлик иллатининг салбий оқибатлари, наркобизнес вакиллари ҳаёт тарзи ва фаолияти, даромад орттириш илинжида наркотик савдоси билан шуғулланаётган кимсаларнинг минглаб оамлар ёстиғини қуритаётгани ва охир-оқибат бу йўлнинг охири вой эканлиги маҳорат билан очиб берилган.

Фильмда бош ролларни Жавоҳир Зокиров, Улуғбек Қодиров, Шаҳло Темирова, Дилноза Кубаева, Жамила Ғофурова,Исо Тўраев, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Раъно Шодиева, Дилором Эгамбердиева, россиялик киноактёрлар Фарҳод Маҳмудов, Адрей Смоляков, Виктор Вержбицкий, Андрей Прилучный, Голливуд актёри Гассан Массуд ижро этишган. Фильм воқеалари Ўзбекистон, Афғонистон, Россия ва Тожикистонда бўлиб ўтади.

“Барон”нинг ёпиқ премьерасидан сўнг: таассуротлар ва хулосалар

“Барон” фильмининг давоми суратга олинадими?

“Барон”нинг навбатдаги трейлери эълон қилинди

Top