16:20 / 01.02.2016
3018

Термиз давлат университетида ёш олимлар машварати бўлиб ўтди

Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида “Ёш олимлар конференцияси – 2016” республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Конференцияда мамлакатимиздаги 40 дан ортиқ таълим муассасасида фаолият юритаётган ёш илмий тадқиқотчилар ўзбек, рус, инглиз, немис ва бошқа тилларда ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанларга оид 2 мингга яқин назарий ҳамда амалий тавсияларга эга материаллари билан иштирок этди. Уларда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини инновацион ривожлантириш орқали юқори кўрсаткичларга эришиш, инновацион ривожланиш асосида миллий иқтисодиётимизни модернизация қилиш йўллари, аҳоли бандлигини ошириш истиқболларига кенг ўрин берилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинган.

Таълим-тарбия жараёнларини янада ривожлантириш юзасидан назарий ва амалий тавсиялар ёритилган. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқаролик масъулиятини ошириш борасидаги изчил ислоҳотлар кенг ўрганилиб, амалий аҳамиятга молик фикрлар илгари сурилган. Глобаллашув даврида миллий ва умуминсоний қадриятлар, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бой тарихимиз ва миллий қадриятларимизни, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш жараёнида тўпланган қизиқарли манбалар ва бошқа мавзуларга алоҳида эътибор қаратилган.

– Бугунги илмий анжуманда “Сўфи Оллоёр шогирдлари” деб номланган маърузам билан иштирок этдим, – дейди Самарқанд вилоятидаги Тайлоқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи директорининг ўринбосари, ёш тарихчи-тадқиқотчи Меҳрожиддин Омонов. – Ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида шоир ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини очиш, қадимги устоз–шогирд анъаналарини чуқур таҳлил қилишга интилаяпман. Анжуман айниқса, биз, ёш тадқиқотчилар учун жуда фойдали бўлди. Турли мавзуларда ўзаро фикр алмашиш, илмий баҳс-мунозарага киришиш имконини берди.

Илмий-амалий анжуманнинг ялпи ва шўъба йиғилишларида ёш олимлар олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари юзасидан фикр алмашилди, соҳалардаги ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Top