17:48 / 06.02.2016
8029

CNN: Саудия Арабистони ва иттифоқчилари Сурияга 150 минг кишилик қўшин киритишга тайёрланмоқда

Саудия Арабистони ва араб коалицияси таркибидаги иттифоқчи мамлакатлар Сурия ҳудудида жангариларга қарши кураш учун 150 минг нафар аскардан иборат армияни тайёрламоқда. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берган.

Қиролликдаги ишончли манбадан олинган хабарларга кўра, тайёргарлик машғулотлари Саудия Арабистони ҳудудида ўтказилмоқда. Машғулотларда саудияликлар билан бир қаторда мисрлик, суданлик ҳамда иорданиялик ҳарбийлари иштирок этмоқда.

Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Аҳмад Асири 4 февраль куни қиролликнинг Сурияга ўз қўшинини юборишга тайёрлиги ҳақида маълум қилган эди. У бу қарор амалга ошиши учун аввалига АҚШ бошчилигидаги коалиция тасдиғидан ўтиши лозимлигини таъкидлаганди.

Ундан олдинроқ, Буюк Британиянинг Guardian нашри ўзининг Саудия Арабистони ҳукуматидаги манбасига асосланган ҳолда қиролликнинг бир неча минглик қўшини Туркия билан ҳамкорликда Сурия ҳудудидаги ИШИД жангариларига қарши ҳарбий ҳаракатларга киришиши кутилаётгани ҳақида хабар қилганди. Сурияга қўшин юбориш истаги Баҳрайн томонидан ҳам билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, ИШИДга қарши кураш учун ягона фронт мавжуд эмас. Айни вақтда турли нуқталарда Сурия ва Ироқ ҳукуматлари ҳарбийлари, АҚШ бошчилигидаги коалиция, шунингдек, курдлар, ливияликлар, Ироқ шиалари кўнгилли аскарлари ушбу жангариларга қарши алоҳида алоҳида ҳолда кураш олиб боришмоқда.

2015 йилнинг 30 сентябридан бошлаб Россия ҳам Сурия президенти Башар Асаднинг илтимосига биноан Суриядаги ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик уюшмалари объектларига қарши авиазарбаларни амалга ошира бошлади.

ИШИД айни вақтда бутун жаҳон ҳамжамиятига таҳдид солиб турибди. 3 йил ичида бу ташкилот жангарилари Ироқ ва Суриянинг катта қисмини босиб олган. Турли таҳлил ва тадқиқотлар натижаларига кўра, ташкилот назорати остидаги ҳудуд жами 90 минг кв км.дан иборат. Ташкилот таркибидаги жангарилар сони эса 50 минг нафардан 200 минг нафаргача экани айтилади.

Айни вақтда Суриянинг Латақия вилоятидаги Сальма шаҳри (Туркия чегаралари яқинида) ҳамда мамлакат жанубидаги Шайх Мискин ва Осман шаҳарлари ҳукумат армияси томонидан Россия самолётлари ёрдамида қамал қилинган. 3 февраль куни Ҳалаб вилоятидаги икки шаҳарда, Нубель ва Аз-Заҳро шаҳарларида 4 йиллик қамал ёриб ўтилди. Шунингдек, Дамашқ яқинида ҳам бошқа мухолиф кучларга қарши жанглар давом этмоқда.

Top