10:52 / 09.02.2016
14002

Ўзга юртнинг аламли савдолари

Туғилиб ўсган гўша, она-Ватан инсон учун энг мўътабар макон. Унинг қайноқ тафтини, қадрини ҳеч нараса билан қиёслаб бўлмайди. Шу боис уни асраб-авайлаш, тинч ва осудалиги, равнақи йўлида меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Юртимиздаги улкан ўзгаришлар, яратилаётган имкониятлардан фойдаланган минглаб ватандошларимиз бунёдкорлик борасида жонбозлик кўрсатмоқда. Уларнинг меҳнати билан бунёд этилган иморатлардан кўз қувнайди, замонавий талаблар даражасида тайёрланган маҳсулотлардан баҳраманд бўлар эканмиз, дилимизда шукроналик туямиз. Юртимизда тадбиркорликка қўл урган инсон борки, рўзғори бутланиб, меҳнату лаёқатига яраша мулк эгаси бўлади. Бу дунёда ҳар бир киши фаровон турмуш кечиришни истайди.
Бинобарин, хорижий мамлакатларга кетаёганларни иқтисодий ночорлик ундаяпти, деб бўлмайди. Чунки дунёдаги халқи бахтли мамлакатлар ўттизлигига кирган юртимизда меҳнат қилишни истаган ҳар қандай инсон учун етарли шароитлар яратилган.

Нафс инсонни ҳамиша ҳалокат ёқасига етаклаган. Осон пул топиш, мўмай даромад орттириш замирида ҳам нафс қутқуси ётади.

Дарҳақиқат, мол-дунё ташвишига тушган инсонлар бандилик занжирини бўйинларига тақиб, қўлларида эса пулдан ясалган кишан билан ҳузур-халоват топишяпти. У қалбларга шундай яра тоштирадики, унинг асло давоси йўқ. Энг ачинарлиси, мана шу молу дунёга қул бўлишни ихтиёр қилиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган инсонларнинг аксарияти ўз юртига ҳеч вақосиз ва ҳатто ярим жон холатда қайтиб келмоқда. Ўзга юртларда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, қимор ўйнаш, фоҳишабозлик каби иллатлар тобора одат тусига кириб бормоқда. Бу эса яхши ахлоқ ва тарбия кўриб ўсган мусулмон йигитларнинг ватанга безори, ахлоқсиз бўлиб, айниқса ОИТС каби оғир дарди бедаво касалликларини юқтириб олишига сабаб бўлмоқда.

Афсуски ҳанузгача айрим инсонларнинг “хорижда осон, мўмай пул топиш мумкин” деган ёлғон гапларига учиб, бугун ўзга юртларда сарсону саргардон бўлган ватандошларимиз пистирма қўйиб, пайт пойлаб ётган террорчилар домига илинмоқда. Шундай тоифалардан бири – ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) бўлиб, бу хатарли террорчи гуруҳнинг таркибида юз минглаб жангари бўлиб, аксарияти четдан ёлланган нафс қулларидир.

Бу борада яқинда «Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобда ана шундай аламли азобларни бошидан кечирган бир йигитнинг афсус-надоматлари қуйидагича келтирилган.

- “Кунларнинг бирида айримлар каби мен ҳам “Чет элда ишлаб, осон пул топиш ва тез бойиш” фикрига тушиб қолдим. Шу мақсад билан Санкт-Петербург шаҳрига бордим. У ерда мени укам Шавкат кутиб олди. Ишга жойлашиб, оиламнинг моддий аҳволини яхшилашга иштиёқим кучли эди. Аммо у ердаги ҳаёт мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Укам Шавкат ва атрофидагилар алланиманидир режалаштирар, тундан тонггача суҳбатлашиб, кундузлари эса уйқудан бош кўтаришмасди.

Шундай кунларнинг бирида телефонимга Нисо сурасининг 97-оятини ўқинг, деган хат келиб қолди. Хатнинг давомида, ҳижрат қилишга оид сўзлар ёзилган экан. Мен бу оят мазмунини укам Шавкатдан сўрадим. Укам ва унинг шериклари менга бу оятнинг мазмунини шарҳлаб, халифаликка асосланган Ислом давлатини барпо қилиш зарурлигини айтишди.

Шу тариқа мен ҳам уларнинг даъватларига қизиқадиган ва интернет орқали бўладиган мулоқотларни интизорлик билан кутадиган бўлдим. Ниҳоят, мен укам билан бирга жиҳод қилишга тайёргарлик кўриш ва Сурияда бўлаётган қуролли тўқнашувларда бевосита иштирок этиш мақсадида Истанбул шаҳрига йўл олдик. Истанбулдан Урфага, сўнгра чегарани бузган ҳолда симтўрлар тагидан Сурия ҳудудига ўтдик. Сурияда бўлаётган қонли тўқнашувларда иштирок этиб, укамдан айрилдим.

У ерда кўрган қора кунларим менинг кўзимни очмади. Қарийб беш ой сарсон-саргардонликда юрганимдан кейин ортга қайтишга қарор қилдим. Мақсадим юртимга келиб, ҳалқни жиҳод қилишга тарғиб этиш эди. Суриядан чегарани бузган ҳолда Урфага ўтиб, у ердан Истанбул шаҳрига етиб олдим. Истанбулдан Қирғизтонга келиб, Ўш орқали Фарғона водийсига ўтиб олдим. Она-Ватаним Ўзбекистон тинчлигини, одамларнинг хотиржам яшаётганини кўриб қувондим, лекин шундан ҳам кўзим очилмаганидан афсусдаман.

Мен бугун суднинг қора курсисида ўтириб, бир нарсани айтмоқчиман. Аслида мен зулмат оламидан нур излабман, оёғим остида турган нурли ва чароғон йўлни кўрмасдан охири йўқ, боши берк кўчага кириб қолганимни билмаган эканман”.

Сир эмаски, бугунги кунда баъзилар турмушида учрайдиган айрим синовларга сабр-тоқат қилолмай юқоридаги йигит сингари бузғунчи гуруҳларнинг алдовларига учиб, ўзини қурбон қилаяпти.

Ислом дини таълимотида, умр инсонга берилган энг улуғ неъмат экани, уни асраш, унга ҳиёнат қилмаслик кераглиги таъкидланган. Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон омонат эканлигини унитмайлик.

Яқин кунларда барчамиз зангори экран орқали намойиш этилган “Қарз қиёматга қолди” ҳужжатли фильмни кўрдик. Ўз фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлган ношуд ота-оналарнинг мен боламни едириб-ичириш, бошқалардан кам қилмасликка зўр берибману, бироқ оила даврасида маънавий тарбия ҳақида бир маротаба ҳам гапирмаган эканман. Фарзандимга оила, она-Ватан туйғусини сингдира олмаган эканман, деб қилган фарёди барчанинг нафратини қўзғади. Аслида шу ота-оналарнинг ўзи тарбия бериш ўрнида сен ҳам бошқаларга ўхшаб хорижга бор пул топиб кел, деган эмасми? Ёки аксинча боласининг мўмайгина пулига учиб, унинг қаерда ким билан эканини суриштирмаган шулар эмасми?..

Кўп пул топиш илинжида, ватанидан узоққа ишлашга кетаётганлар ана шу аччиқ ҳақиқат тўғрисида бир ўйлаб кўрсалар, яхши бўлар эди. Халқимизда ажойиб бир нақл бор “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”. Шу ўринда улуғ зотлардан Иброҳим Адҳам ҳаётида рўй берган воқеани айтишни мақул деб топдим.

Иброҳим Адҳам дўстлари билан кемада сафарга чиққан эди. Бирдан денгизда кучли шамол турди. Одамлар саросимага тушиб: “Тақсир, бу фалокатни кўрмаяпсизми?” дейишди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳга қасам, ҳали бу фалокат эмас, ҳақиқий фалокат – одамларнинг қўлига қарам бўлиб қолишдир”, дедилар. Қаранг, кемада кетаётган Иброҳим Адҳам денгиздаги шиддатли, даҳшатли тўфондан ҳам кўра, одамларга қул бўлиб қолиш ёмон фалокат эканини уқтирмоқда.

Шукурки, юртимиз тинч, ҳалол меҳнат қилиб, яшайман, деган одам учун ҳамма имконият бор. Кишини ҳайрон қолдирадиган жиҳати, ўз юртида ишлаб, пул топишга эринган одам ўзга элда нимани уддалай олар экан.

Бахтни четдан излаб, адашманг! Бахт ўз юртингизда. Фақат уни асраш, эъзозлаш, оиламиз, фарзандларимиз, халқимиз билан бирга ундан баҳраманд бўлишимиз керак.


Умид ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Манба: muslim.uz

Top