17:45 / 16.02.2016
2983

Ўзбек олимлари атмосферага чиқарилаётган заҳарли зарралар тарқалиш жараёнини мониторинг қиладиган дастур тузишди

Ўзбекистон миллий университети қошидаги Математика институти дастурчилари "Эко-мониторинг" дастурини ишлаб чиқишди.

Мазкур дастур Ўзбекистоннинг саноат ҳудудларида ишлаб чиқариш объектларидан атмосферага чиқариб ташланаётган заҳарли заррачалар тарқалиш жараёнининг экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва башоратлаш учун мўлжалланган.

Дастур янги қурилаётган саноат объектларини жойлаштиришнинг экологик мақбул вариантларини танлаш, график бошқарув интерфейсига эга, асосий параметрлар ҳамда об-ҳаво ва иқлимий омилларни киритиш учун ойна, ЭҲМда сонли ҳисоб-китоб ўтказиш учун ойна, ўтказилган ҳисоблаш экспериментларини график объектлар кўринишида визуаллаштириш учун ойна каби функционал имкониятларга эга.

Интеллектуал мулк агентлиги хабарига кўра, дастурий мажмуадан атмосферанинг экологик ҳолати ва атроф-муҳит муҳофазасини мониторинг қилиш ҳамда башоратлаш муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотларнинг тадқиқотчи ва мутахассислари фойдаланишлари мумкин.

Муаллифлар - Равшанов Нормахмад, Шарипов Далер ва Ахмедов Дилшодга ушбу дастур учун № ДГУ 03424 рақамли гувоҳнома берилди.

Top