21:47 / 18.02.2016
2158

БМТ сурияликларга ҳаводан етказилувчи инсонпарварлик ёрдамларини тайёрламоқда

Бирлашган миллатлар ташкилоти Сурия ҳудудига ҳаводан инсонпарварлик ёрдамлари юклари етказиб беради. Бу ҳақда 18 февраль куни Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Биринчи ёрдам Сурия шимоли-шарқидаги Дайр-аз-Зор шаҳрига етказиб берилиши кўзда тутилган. Бу ҳудуддаги назорат айни вақтда ИШИДдан қутилиб, Сурия Араб республикаси ҳарбийлари қўлига ўтган. Ҳудудда узоқ вақт асоратда бўлган аҳолига парашютлар орқали зарур ёрдамлар ташланади.

"Бу қийин вазифа. Сурияда илк марта бу ишни амалга оширишимиз керак", дея маълум қилган БМТнинг бу борадаги масъул вакили Ян Эгеланн. У амалиёт яқин вақт ичида амалга оширилишини айтган.

Унинг маълум қилишича, ўтган кунлар давомида мамлакатнинг Сурия ҳукумати қўшинлари қамалида бўлган бешта шаҳрига 114та юк машинасига ортилган энг зарурий буюмлар етказилди. Ўз ичига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, вакциналар ва гигиена буюмларини олган бу инсонпарварлик ёрдами 80 минг киши учун мўлжалланган.

Шунингдек, ҳозирда Суриянинг 4 миллионлик аҳолиси оғир шароитларда қолаётгани, уларга ёрдам етказишнинг деярли иложи бўлмаётгани таъкидланган.

11-12 февраль кунлари Мюнхенда Сурия муаммосига бағишланган музокараларда томонлар сурияликларга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга келишиб олишганди.

Мюнхендаги музокараларда томонлар Сурияга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга келишиб олишди

БМТ Суриянинг бешта шаҳрига инсонпарварлик ёрдамини етказди

Top