22:18 / 21.02.2016
17657

"Байер" — "Боруссия" учрашуви ҳаками ўйинни тўхтатиб, майдондан чиқиб кетди

Германия Бундеслигасининг 22-туридан ўрин олган "Байер" — "Боруссия" (Дортмунд) учрашувининг бош ҳаками Феликс Цвайер ўйинни 2-бўлимда тўхтатиб қўйиб, майдондан чиқиб кетди.

Бу воқеа "Боруссия" "Байер" давозасига гол киритгандан кейин содир бўлди. Ҳакам "Байер" бош мураббийи Рогер Шмидтни баҳслашгани учун майдондан четлатди.

48 ёшли мутахассис техник ҳудудни тарк этишдан бош тортди, бунга жавобан ҳакамлар бригадаси трибунаости хонасига кириб кетди. Шмидт майдонни тарк этмаганини ўзининг четлатилганини захира ҳакамидан эмас, балки бош ҳакамнинг шахсан ўзидан эшитишни истагани билан тушунтирган.

9 дақиқалик танаффусдан кейин Шмидт захира ўйинчилар ўриндиғини тарк этишга рози бўлди. Ҳакамлар шундан кейингина майдонга қайтганлар ва учрашув давом эттирилган. Учрашув 0:1 ҳисобида дортмундликлар фойдасига якунланди. Голни Пьер-Эмерик Обамеянг киритди.

Таъкидланишича, стадионга учрашувни томоша қилгани Германия терма жамоаси бош мураббийи Йоахим Лев ташриф буюрган.

Top