18:00 / 22.02.2016
3307

Яманда президент Ҳодийнинг яқин қариндоши бўлган генераллардан бири ўлдирилди

Яман президенти Абд Раббу Мансур Ҳодийга яқин бўлган генераллардан бири Абд Раббу Ҳусайн ал-Исроилий Адан шаҳрида амалга оширилган номаълум шахслар ҳужуми туфайли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Яман хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.

"У Ҳор Максар муниципалитетидаги уйига автомобилда қайтаётганди. Йўлда жангарилар пулемёт ўрнатилган пикапдан туриб, унинг автомобилини ўққа тутган", дейилади хабарда.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, генералнинг ёнидаги ҳайдовчи ҳам ҳалок бўлган.

Яман ҳукумати айни вақтда вақтинчалик пойтахт ҳисобланмиш Аданда жойлашган. Бу шаҳарда доимий равишда ҳарбий ва давлат амалдорлари ҳаётига суиқасдлар уюштирилиб турилади.

2015 йилнинг декабрида террорчи ҳудкуш ўзини портлатиши натижасида Адан губернатори Жафар Саад ҳалок бўлганди. Унинг ўлими учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Бундай хуружлар "Ал-Қоида" жангарилари томонидан ҳам содир этилади.

Яманда шиаларнинг "Ансор Аллоҳ" ташкилотига қаноти бўлган ҳусийчилар ҳамда мамлакатнинг собиқ президенти Али Абдулла Салоҳ тарафдорлари ҳозирги президент Ҳодийнинг тарафдорларига қарши курашни давом эттирмоқда. 2014 йилдан буён сақланиб қолаётган фуқаролик урушида қонуний президент Ҳодийни қўллаб-қувватлаш учун Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Яманда ҳарбий амалиётлар ўтказиб туришади.

Top