20:41 / 03.03.2016
9572

Миср Александрия ва Синайдаги ёдгорликларни ЮНЕСКО рўйхатига киритмоқчи

Мисрда иккита тарихий обидани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун ҳаракатлар бошланди. Миср Қадимий ёдгорликлар вазири Мамдуҳ ад-Даматийнинг айтишича, гап Александрия ва Синай яриморолидаги тарихий ёдгорликлар ҳақида кетмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Александриянинг тарихий археологик объектлари бўйича досье тузилмоқда. Бу объектлар Птолемейлар сулоласи даврига мансуб ҳисобланади. Шунингдек, Синайдаги қадимий ҳарбий қалъани ЮНЕСКО ҳимоясига ўтказиш учун иш олиб борилмоқда.

Александрия шаҳрига милоддан аввалги 332 йилда Александр Македонский томонидан асос солинган. Шаҳар ўзининг улкан кутубхонаси ва қирғоқ яқинидаги 110 метр баландликка эга бўлган денгиз маёғи билан ажралиб турган. Шунингдек, шаҳарда милоддан аввалги асрларда қурилган энг йирик 2 колоннанинг бири, Помпей колоннаси бўлган. Бугунги кунгача, шаҳар жойлашган ҳудудда антик давр университети, қадимги римликларга хос ҳаммомлар ҳамда амфитеатрлар қолдиқлари сақланиб қолган.

Мисрликлар Синай яриморолининг шимолида жойлашган Фиравнлар оролидаги Таба шаҳрида қурилган Салоҳ ад-Дина номли қадимий ҳарбий қалъани ҳам рўйхатга киритишни мақсад қилишган.

Бу қалъа араб меъморчилиги намунаси бўлиб, 12 асрда ҳудуд бошлиғи учун истеҳком вазифасини ўтаган. Бир неча йил олдин бу обида қайта таъмирланиб, музейга айлантирилганди. Бу қалъа Қизил денгиз ҳудудида, Исроил билан чегара яқинида жойлашган.

ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига жами 1031та объект киради. Шундан 802таси маданий обидалар, 197таси табиат мўъжизалари қолганлари эса мусиқа асбоблари, урф-одатлар ва анъаналар амалий санъат ҳамда бошқалар.

Шу вақтгача Мисрдаги Абу-Мена ёдгорлиги (Илк христиан даврига мансуб), Фива, Қарноқ ва Луксор ибодатхоналари, Мемфисдаги пирамидалар (Қадимги Миср), Ислом давридаги Қоҳира обидалари, Нубиядаги меъморчилик иншоотлари, Муқаддас Екатерина ибодатхонаси ва бошқа тарихий ёдгорликлар киритилган.

Top