00:22 / 07.03.2016
3857

Туркия бош вазири ҳукуматнинг Zaman газетасининг босиб олинишига алоқаси йўқлигини айтмоқда

Туркия ҳукумати суднинг мухолиф Zaman газетаси бошқарувига васийларни белгилаш ҳақидаги қарорига алоқаси йўқ, деб айтди Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу. Бу ҳақда Ahaber нашри хабар бермоқда.

"Бизнинг ҳукумат бунга алоқаси йўқ. Суд идоралари томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилган. Бу соф юридик жараёндир. Ҳеч ким Туркияда матбуот эркинлиги борасида шубҳага эга бўлмаслиги керак", деб айтди Довудўғлу.

Довудўғлунинг таъкидлашича, газета "параллел ҳукумат" тузилмалари орқали пул ювганликда айбланмоқда.

Аввалроқ Zaman таҳририяти биноси олдида фаоллар намойиши маҳаллий полиция томонидан ҳайдалган эди. Полиция бунда сувотгичлар, кўзни ачиштирувчи газ ва пластик ўқлардан фойдаланган.

Газета ходими Russian Today телеканали билан суҳбатда Туркияда охирги кун рўй бераётган воқеаларни "Туркия демократиясининг интиҳоси" деб атаганди.

Европарламент раиси Мартин Шульц твиттерда турк ҳукуматининг газетага нисбатан ҳаракатлари Европа Иттифоқи-Туркия саммитида муҳокама қилинишига ваъда берди.

"Zaman газетасининг қўлга олиниши – Туркиядаги эркин матбуотга яна бир зарбадир. Мен бу масалани душанба куни кўтараман", деб айтди Шульц.

Top