09:26 / 19.03.2016
2546

Хитойдаги энг сокин янги мегополис манзараси

Хитой ҳукумати умумий аҳолиси 130 миллиондан ошиб кетадиган шаҳарларни ўзида бирлаштирган мегаполис ташкил қилиш режаси устида иш олиб бормоқда.

Майдони 132 минг квадрат километрни ташкил қилувчи “Жин-Цзинь-Жи” деб атлувчи ҳудуд Пекин, Тяньцзин ва Хэбэй шаҳарларини ўз ичига олади. Агломерациялашган ҳар бир шаҳарга маълум бир вазифа юклатилади. Масалан, Пекин технологиялар ва маданиятга “масъул” бўлса, Тяньцзинда технологик тадқиқотлар билан шуғулланади. Ҳозирча Хэбэй шахрига вазифа юклатилмаган. Аммо таҳлилчилар бу шаҳарда ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилишини айтишмоқда. “Мегашаҳар мамлакат иқтисодий ислоҳотларининг локомотивига айланади”, дейди Тяньцзиндаги Нанкай университетининг профессори Лю Ганг.

Тяньцзинь шаҳри ҳақида маълумот берадиган бўлсак – Хитой шимолидаги мегаполис бўлиб, марказий ҳукуматга бўйсунувчи тўртта шаҳардан биридир. Тяньцзинь Хебей ва Пекин билан чегарадош бўлиб, шарқда Тинч океанига чиқади. Аҳолисининг сони бўйича Пекин, Шанхай, Гуанчжоу ва Шеньчжендан кейин бешинчи ўринда туради. Тяньцзин шаҳар таркибига Эски шаҳар ва Тяньцзинь порти ҳамда Tianjin Economic-Technological Development Area жойлашган Tanggu иқтисодий ҳудуди киради. Шунингдек, 2009 йилдан бери алоҳида иқтисодий ҳудуд саналмиш Биньхай (Binhai New Area) тумани ҳам киритилган. Айни дамда шаҳарда кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, яна бир неча йилдан сўнг Тяньцзинь бошқача кўриниш касб этади.

Тяньцзинь шаҳрига XV асрда Мин сулоласи томонидан асос солинган. Шу давр мобойнида шаҳар бир неча бор уруш ва қўзғолонларни бошидан кечирди. XX асрда Тяньцзинь Хитойдаги энг йирик саноат шаҳрига айланди. Шаҳарда ўтган асрларда қурилган европача бинолар сақланиб қолинган ва айримлари таъмирланган. Тяньцзинь қадимий меъморчилигини, анъана ва турмуш тарзини маълум маънода ўзида сақлаб қолган.

Тяньцзинда баландлиги бўйича жаҳонда тўртинчи ўринда турувчи баландлиги 415 метрлик Tianta телеминораси қад ростлаган. Минора атрофи сув билан қуршаб олинган. Бу уни янада кўркам қилиб юборган. Минора 1991 йилда қурилган. Тяньцзинь ўртасидан Хайхэ дарёси оқиб ўтади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Тяньцзинь янги иқтисодий ҳудуди Хитой саноатининг локомотиви, инновация, оғир ва енгил саноатининг йирик маркази сифатида тан олинган. Rockefeller, Motorola, Airbus каби бир нечта трансмиллий корпорациялар мазкур шаҳарда ўз ваколатхоналарини очишган.

Тяньцзинь порти — Хитой Шимоли ва шимолий-шарқидаги энг йирик эркин савдо ҳудуди сифатида кўрилади. Тяньцзинь ўз имкониятларини нафақат иқтисод ва саноатда, балки сайёҳлик соҳасида ҳам намойиш этишга улгурди. Шаҳардаги сайёҳлик-савдо кўчаси Цинь ва Минь сулолалари ҳукмронлиги йилларида қурилган бинолар билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Шаҳарга бир йилда 1 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Хэпинлу – қадимий савдо маркази бўлиб, Хитойдаги энг узун кўча сифатида тан олинган. Ўзининг театрлари билан Тяньцзинь Хитойдаги маданий марказлардан бири сифатида кўрилади.

Тяньцзиндаги Tianjin Binhai International Airport аэропорти нафақат ички йўналишларга, балки Гонконг, Сеул, Нагоя, Куала-Лумпур шаҳарларига парвоз қилувчи самолётларга хизмат кўрсатади. Tianjin Railway Station темир йўл вокзали шаҳар марказида жойлашган. Вокзал 1988 йилда қурилган бўлиб, 2008 йилда қайта таъмирланди. Шаҳарда Tianjin North, Tianjin West ва Tianjin South каби темир йўл вокзаллари ҳам бор. Авваллари Пекиндан Тяньцзинь шаҳрига бир ярим соатлик йўл эди. Ўта тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилгач, масофани ярим соатда босиб ўтиш имконияти пайдо бўлди.

1904 йилда Хитойда илк автобус қатнови айнан Тяньцзинда йўлга қўйилган эди. Хитойда иккинчи метрополитен 1970 йилда Тяньцзинда фойдаланишга топширилган. Шаҳар жамоат транспорт тизими аъло даражада экани тан олинади. Шуниси эътиборлики, шаҳар кўчаларида транспорт тирбандлиги мутлоқо учрамайди. Таксилар шу қадар кўпки, биттасини тўхтатсангиз бўлди, айтган жойингизгача ва ҳатто 100 километр узоқликдаги Пекингача олиб боришга рози бўлишади.

Тяньцзинь хотиржам ва хавфсизлик тўла таъминланган шаҳар сифатида тан олинади.
Тяньцзинда Миллий Суперкомпьютер Маркази жойлашган. 2009 йилги маълумотларга кўра, 13 та туман ва 3 уъезд мавжуд Тяньцзинда 14 ярим миллион аҳоли истиқомат қилади. Эркин иқтисодий ҳудуд 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, 1995 йилда Хитой Давлат Кенгаши “Давлат юқори технологияли Тараққиёт худуди” деган мақомни берди. Бу ҳудуд Хитойдаги бир вақтнинг ўзида денгиз саноати ва юқори технологиялар ривожланаётган ягона минтақа саналади.

Шарофиддин Тўлаганов

Top