17:24 / 22.03.2016
6212

Андижон туман иқтисодиёт ва транспорт коллежида “Ёшлик баҳори” тантаналари

Айни пайтда мустақил юртимизнинг қай гўшасида бўлманг қадим ва навқирон Наврўз умумхалқ байрамини кенг нишонланаётганига гувоҳ бўласиз. Андижон тумани иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежи жамоаси ҳам баҳор байрамига қизғин тайёргарлик кўрдилар.

Коллеж педагог ва ўқувчилари айёмни миллий қадрият ва анъаналаримизга хос сайил тарзида ташкил этганлиги таҳсинга лойиқ. “Ёшлик баҳори” деб номланган тадбир давомида ўқувчилар ўзбекона удумларимиздан миллий спорт ўйинлари, арқон тортиш, тош кўтариш, хўроз ўриштириш, кураш каби аждодларимиздан мерос анъаналарни намойиш этишди. Гуруҳлараро палов пишириш, баҳорий сурат чизиш ҳамда ўзбекона соч турмаклаш бўйича танловлар ўтказилди.

Коллежда таҳсил олаётган иқтидорли, санъатга ошно ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганларда катта тассурот қолдирди. Байрамга ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари Авазбек Мирхўжаев ва Гулишайдоларнинг шўх қўшиқлари барчани даврага чорлади.

- Келажагимиз давомчилари бўлган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашда миллий анъаналаримизнинг ўрни беқиёс,-дейди коллеж директори Дилшодбек Аноров. Зеро, эзгу ғояларни тараннум этувчи ҳамиша навқирон Наврўз байрами ўзи яшаётган заминга, аждодлардан мерос қадриятларимизни эъзозлашни тарғиб қилади.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Top